Самарқанд вилоятидаги юздан ортиқ саноат зоналарида жорий йилнинг биринчи ярмида 2,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жумладан, 2,1 триллион сўмлик маҳсулот “Ургут” эркин иқтисодий зонаси корхоналари ҳиссасига тўғри келади.
Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 1,3 миллиард долларлик 171 та лойиҳа устида иш олиб борилаётган бўлиб, бунинг натижасида 12 минг 700 та янги иш ўрни яратилади.
Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – “Ургут” ЭИЗ дирекцияси раҳбари Ж.Ҳайдаровнинг қайд этишича, 2024 йилнинг 1 июль ҳолатида умумий қиймати 622 миллион долларлик 86 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 6521 та янги ишчи ўрни очилган. Биргина шу йилнинг ўзида 5,7 миллион долларлик учта лойиҳа ишга туширилди.
Хусусан, Мерганча массивида “URGUT SIFAT PILAST” МЧЖнинг 1,17 миллион долларлик лойиҳаси асосида пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошланди. Сазағон массивида эса “TECOM ELEVATING SYSTEMS” МЧЖ томонидан 3,25 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилди ва лифт, эскалатор ва металлкаркас ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Сариқтепа массивидаги “MODERN UZBEK TEXTILE” масъулияти чекланган жамиятида эса 1,3 миллион долларлик лойиҳа бўйича замонавий ва экспортбоп текстил кийим-кечак ишлаб чиқариш бошланди.
Иқтисодий зонада йил якунига қадар 16,6 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилади ва 578 та янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда иқтисодий зонанинг умумий ер майдони 1 минг 619 гектар бўлиб, 472,8 гектарида инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган. 614 гектар бўш ер майдони аукцион савдоларига чиқарилган ва бу ерларда ҳам янги инвестиция лойиҳалари жойлаштирилади. Жорий йилнинг олти ойида 113,6 гектар ер майдони аукцион орқали сотилиб, қиймати 257 миллион долларлик 22 та лойиҳа жойлаштирилди. Бунинг натижасида 160,2 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 1646 нафар янги иш ўрни яратилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири