Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда кунига 13-15 минг киши эмланмоқда
14:23 / 2021-07-05

Юртимиздаги мавжуд эпидемиологик ҳолат инобатга олинган ҳолда республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Самарқанд вилоятида ҳам 18 ёшдан катта бўлган аҳолини ўзлари бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаларида коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 га чалинган ва соғайган кишилар тўғрисидаги кунлик маълумотларида Самарқанд вилоятида касалланиш ҳолатлари Тошкент шаҳри ва вилоятидан кейин юқорилигича қолаётгани барчамизга яхши маълум, – дейди санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Адҳам Баҳромов. – Шунинг учун ҳам вилоятдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб 18 ёшдан ошган аҳолини оммавий эмлашга рухсат беришни сўраб республика комиссиясига мурожаат қилгандик ва бу масала ҳал этилди. 

Ўтган ҳафта иккинчи ярмидан бошлаб, вилоятимизда оммавий эмлаш жараёнларига киришилди. Аҳоли ўзлари яшаб турган жойдаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларига бориб, вакцина олмоқда. Шу пайтгача эмлаш жараёнларига белгиланган тоифадаги кишилар жалб этилиб, вилоят бўйича кунига 5300-5500 та вакцинация ишлари бажарилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 13-15 мингни ташкил этмоқда. 

Эмлашда асосан ўзбек ва хитой олимлари томонидан яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан фойдаланилмоқда. Ушбу восита касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил қилиши туфайли самараси юқори бўлаётганини мутахассисларимиз алоҳида қайд этмоқда. Бундан ташқари, юртимизда эмлаш учун рухсат берилган ва вилоятимизга ажратилаётган бошқа вакциналардан ҳам фойдаланяпмиз.

Эмлаш жараёнлари билан бирга вилоятда аҳоли орасида коронавирусга чалинган фуқароларни эрта аниқлаш ва даволашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, эндиликда туман ва шаҳарлардаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари билан бирга кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ҳам аҳоли коронавирусни аниқлаш бўйича тест топшириши имконияти яратилди. 

Самарқанд шаҳрида эса вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда бўлимига қўшимча иккита поликлиникада бу иш амалга оширилади. Бундан ташқари беморларни стационар даволаш учун ҳозир мавжуд 339 ўринли иккита махсус шифохонага қўшимча равишда ўтган йил фойдаланилган 500 ўринли спорт мажмуасидан фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.

Айни пайтда ушбу хасталикка қарши курашиш ва ундан самарали даволанишнинг йўли вакцинация жараёни эканлиги инобатга олиниб, аҳоли ўртасида эмлашда фаол иштирок этиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА