Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда Корея технология ва маданият коллежи очилади
17:30 / 2022-11-03

Жорий йилда фаолият бошлаган Самарқанд халқаро технология университети делегациясининг яқинда Корея Республикасига сафари давомида ана шундай келишувга эришилди.

Университет ахборот хизматининг маълум қилишича, ректор Юсуф Абдуллаев Жанубий Кореянинг қатор етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади. Хусусан, Хангук хорижий тиллар университети, Корея илғор илм-фан ва технологиялар институти, Корея яшил технологиялар маркази, Сонгюнгван университети Қуёш энергияси тадқиқотлари институти директори, Ипак йўли университетлар тармоғи, Осиё маданияти ва тараққиёти институти раҳбарияти ва бошқа қатор эксперт, мутахассислар билан мулоқотлар ўтказилди.

– Ушбу меморандумлар асосида университетимизда технологик инжиниринг, “яшил” энергетика, ахборот-технологиялари, корейс тили йўналишларида Жанубий кореялик ҳамкорлар билан юқори малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади, – деди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Шунингдек, университет қошида Корея технология ва маданият коллежини очишга келишиб олдик. 2023 йил январидан фаолият бошлайдиган мазкур коллежда “яшил” энергетика (қайта тикланувчи энергия), ахборот-технологиялари дастурчиларини тайёрлаш, дизайн (саноат, иқтисодиёт, қурилиш дизайнерлиги) ва корейс тили бўйича мутахассислар тайёрланади. Осиё маданияти ва тараққиёти институти ушбу коллежни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олди. Коллежга Ипак йўли университетлар тармоғи директори Хванг Сунг Дон раҳбарлик қилади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА