Ноябрь ойининг мамлакатимизда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” сифатида белгиланиши бугунги рақамли ҳаёт учун ниҳоятда долзарб ташаббус саналади. Шу доирада Самарқанд вилоятида кенг кўламли тарғибот ва профилактика ишлари олиб борилиб, турли таълим муассасалари ва ташкилотларда кибермаданият бўйича учрашувлар ташкил этилмоқда.
Дастлаб, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказилган матбуот анжуманида киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернетдан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ИИБ томонидан ишлаб чиқилган “Samcyber_102” иловаси ҳам тақдим этилиб, унинг ёрдамида фойдаланувчилар ўз Телеграм аккаунтларининг хавфсизлик даражасини текшириши мумкинлиги маълум қилинди.
Шунингдек, Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ички ишлар органлари ходимлари ўқувчи-ёшлар билан учрашиб, кенгайиб бораётган киберфирибгарлик турлари ҳақида батафсил тушунтириш берди. Уларга шубҳали “АПК” файллар, ёлғон қўнғироқлар, номаълум иловалар ва зарарли ҳаволалардан эҳтиёт бўлиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Адлия бошқармасида видеомулоқот шаклида ўтказилган навбатдаги профилактика тадбирида мутахассислар иштирокчиларни интернет орқали “тўй таклифномаси”, “суд қарори”, “ютуқ совриндори бўлдингиз” каби кўринишда юборилаётган вирусли файллар ва ҳаволалар орқали амалга оширилаётган фирибгарлик усуллари ҳақида огоҳлантирди.
Самарқанд давлат университетида ўтказилган учрашув эса кибермаданиятнинг амалий жиҳатларига бағишланди. Талабаларга икки босқичли пароль ўрнатиш, шубҳали трейдерлар ва сохта инвестиция платформаларидан эҳтиёт бўлиш, онлайн тўловларни амалга оширишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишнинг аҳамияти тушунтирилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вилоят бўйича ИИБга ҳар куни ўртача 30–35 та киберфирибгарлик билан боғлиқ мурожаат келиб тушади. Шундан вирусли файллар, сохта интернет-дўконлар, номаълум ҳаволалар ва аккаунтлар ўғирланиши энг кўп учраётган ҳолатлар сирасига киради.
Шу боис интернетдан фойдаланишда ҳушёр бўлиш, тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга бермаслик, шубҳали ҳаволаларни очмаслик, номаълум иловаларни юкламаслик ва ижтимоий тармоқларда икки босқичли ҳимоя тизимини ёқиш бўйича оддий қоидаларга амал қилиш зарур.
Самарқанд вилоятида ўтказилаётган ушбу учрашувлар ва амалий машғулотлар “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”нинг муҳим қисми бўлиб, уларнинг асосий мақсади аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, фирибгарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг рақамли маконда хавфсиз бўлиш кўникмасини мустаҳкамлашдан иборат.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/s8uuq83wuA8" title="Samarqandda kiberfiribgarlik bo‘yicha har kuni 30 dan ortiq shikoyat kelib tushmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, У.Тўхтаев, ЎзА