Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, мамлакатимиз ҳудудида пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш вақтинча тақиқланган.
Бозорлар, савдо комплекслари ва корхоналарнинг раҳбарлари ўз ҳудудларида пиротехника воситалари савдоси ва сақланиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортишгача шахсан жавоб бериши тўғрисида огоҳлантирилган. Пиротехника воситаларини юртимизга олиб кириш ва олди-сотдиси билан шуғулланган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши белгиланган.
Шунга қарамай Янги йил байрами арафасида қонунга зид ушбу ҳаракат билан шуғулланиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим шахслар пул ва моддий манфаатдорликни инсон ҳаёти ва саломатлигидан устун қўймоқда. Самарқанд вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан айни пайтда мазкур йўналишда профилактика ишлари билан бирга кенг қамровли тезкор тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.
ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тадбир давомида Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган Т.Ф. қариндоши С.Р.нинг яшаш хонадонида сотиш мақсадида олиб қўйган тахминий баҳоси 1 миллиард сўмлик 21 турдаги 1903 дона пиротехника воситаларини яширин равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу каби яна бир тезкор тадбирда Жомбой туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган Р.Ш., булунғурлик Д.Ш ва Б.Ж., Жиззах шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган Қ.Б. ва Пайариқ туманида яшовчи, 2004 йилда туғилган А.Д. пиротехника воситалари савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, улардан 32 минг 96 дона “Британик”, “Трения” ва “Новый век” номли воситалар олиб қўйилди.
Ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири