Самарқанддаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида вилоят, шаҳар ва туманларидан келган 100 нафар ёш учун "Жасорат мактаби" ўқув йиғинининг учинчи мавсуми бошланди.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Марказий ҳарбий округ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган йиғин иштирокчилари ўн кун давомида ҳарбийча ҳаёт кечиради. Улар учун мотивацион тренинглар ва психологик машғулотлар ўтказилади, касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмалари ўргатилади.


– Мазкур лойиҳада иштирок этаётган ёшлар ҳарбий либосларда ўзларини Ватан ҳимоячисидек ҳис қилиб, армия ҳаёти билан яқиндан танишади, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими Ғофур Бобобеков. – Йиғиннинг дастлабки кунида иштирокчилар ўз қизиқишларига қараб "Ёш тадбиркорлар", "Ёш IT дастурчилар" "Ёш ҳайдовчилар" ҳамда "Ёш пайвандчилар" гуруҳларига бўлинди. Ҳарбий-ўқув йиғини давомида улар ўз йўналишлари бўйича сабоқ олади. Шунингдек, спорт мусобақалари, “Сенатор ва ёшлар”, “Қўмондон ва ёшлар” учрашувлари ўтказилади. Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар ҳамда тарихий обидаларга саёҳатлар уюштирилади.



Тадбирда театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари.