Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши Туркия Республикаси фуқароси Меҳмет Хушхурхожи ҳамда Доминикан Республикаси фуқароси Гҳанбари Моҳаммад Эбраҳимга “Фахрий фуқаро” мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Меҳмет Хушхурхожи Жомбой туманида фаолият юритаётган “AGRO GUMUSH JOMBOY” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона таъсисчиси. У корхонанинг маҳаллий ҳамкори билан биргаликда Аҳмаджон Қурбонов маҳалласи саноат базаси ҳудудидаги 2,5 гектар майдонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Меҳмет Хушхурхожи ушбу лойиҳага 967 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган ва 50 кишининг бандлигини таъминлаган.
Корхона томонидан ўтган йил 3 миллион 723 минг АҚШ доллари қийматидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Туркия, Хитой, АҚШ, Германия, Сербия давлатларига экспорт қилинган.
Доминиканлик Гҳанбари Моҳаммад Эбраҳим эса Жомбой туманида жойлашган “TURBO HYGENIC” қўшма корхонасининг “Болалар тагликлари ва нам салфеткалар ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга оширган инвестор ҳисобланади.
Ўтган йил бажарилган мазкур лойиҳа учун Гҳанбари Моҳаммад Эбраҳим 2 миллион 417 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган. 2020 йил декабрь ойида иш бошлаган корхонада 11 кишининг доимий бандлиги таъминланган. Айни пайтда тумандаги кам таъминланган ва “Темир дафтар”даги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш ҳисобига қўшимча 29 кишини ишга жойлаштириш мўлжалланмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА