French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда инсультни даволашнинг янгича ёндашувлари жорий қилинди
21:12 / 2025-08-23

Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали шифокорлари томонидан республикамиз тиббиёт тизимида биринчилардан бўлиб, инсультни даволаш юзасидан янгича ёндашувлар асосида юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Филиалнинг ангиография бўлими шифокори Фаррух Қиличев раҳбарлигида тажрибали радиолог, кардиолог, невролог ва қон-томир жарроҳлари ҳамкорлигида ўтказилган жарроҳлик амалиёти давомида Жиззах вилоят Ғаллаорол туманидан инсульт ташхиси билан келган 34 ёшли А.Ж.да сунъий интеллект қўлланган ҳолда касалликни даволашнинг янгича ёндашуви амалга оширилди.

Беморда замонавий ангиография ускуналар орқали юқори сифатли тасвирлар олиниб, минимал инвазив йўл орқали бош мия қон томирларидаги тромблар очилиб, узоқ муддатли даволашнинг олди олинди. Ҳозирги вақтда беморнинг аҳволи қониқарли, у шифокорлар назорати остида даволанмоқда.

Яқинда Президентимиз ҳузурида соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини ошириш бўйича ўтказилган таклифлар тақдимотида сўнгги йилларда баъзи касалликлар қатори инсультга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани таассуф билан қайд этилди. Шу сабабли бирламчи бўғинда сунъий интеллектни кенг қўллаган ҳолда бундай касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича янгича протокол ҳамда ёндашувлар жорий қилиниши айтилганди. Самарқандлик шифокорлар ушбу талаб асосида инсультни жарроҳлик йўли билан даволашни йўлга қўяётгани эътиборли.

Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири