Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда ICTWEEK UZBEKISTAN – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бошланди
12:54 / 2022-10-24

Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасида 2004 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур тадбир 2019 йилдан кейин, икки йиллик танаффусдан сўнг, Самарқандда, яқинда иш бошлаган “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида ташкил этилди. IT-соҳасида жаҳонда ва мамлакатимизда кечаётган янгилик ва ўзгаришларини таҳлил қилиш, дунёнинг етакчи компаниялари билан бу борада ўзаро тажриба алмашиш, замонавий технологиялар ҳамда инновациялар ютуқларини намойиш этишга қаратилган анъанавий ҳафталик ICTWEEK UZBEKISTAN саммити билан бошланди.

Саммитнинг бош мақсади ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий йилдаги ривожи якунларини чиқариш, тармоқ олдида турган стратегик вазифаларни муҳокама қилиш саналади. Унда алоқа ва ахборот технологиялари соҳасидаги давлат бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, халқаро IT-компаниялар вакиллари қатнашмоқда.  

Саммит очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, 2019 йилда ўтказилган ҳафталик доирасида 5 та йирик тадбир ўтказилган бўлса, бу йилги дастур 22 та турли даражадаги тадбирларни ўз ичига олади.  

– Самарқандда ўтказилаётган ҳафталик қамрови жуда кенг ва нуфузи баланд, – деди Ш.Шерматов. – Бу галги ҳафталикда анъанавий халқаро кўргазма ва тақдимотлар билан бирга илк бор МДҲ ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ахборот технологиялари ва коммуникациялари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг йиғилишлари ўтказилади. Шунингдек, БМТнинг электрон ҳукумат бўйича 2022 йил учун тадқиқотининг рус тилидаги талқини тақдимоти бўлади. “Plug and Play”нинг Ўзбекистондаги филиали ва акселерация дастурини танлови очилади. Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев, Халқаро электр алоқаси иттифоқининг МДҲ бўйича минтақавий бўлинмаси директори Наталья Мочу, Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик (АСҲХ) ижроия қўмитаси бош директори Нуриддин Муҳитдинов ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳафталик ва унинг доирасидаги тадбирларнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.  

– Ўзбекистон минтақада ахборот технологиялари жадал ривожланиб бораётган етакчи давлатлардан бири, – деди Халқаро электр алоқаси иттифоқининг МДҲ бўйича минтақавий бўлинмаси директори Наталья Мочу. – Мамлакатда давлат ва жамият ҳаётида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг барча қатлами, жумладан, хотин-қизлар, ёшлар ва имконияти чекланган шахсларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишлари учун зарур шароит яратилмоқда. Бу борада Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида юқори тезликдаги интернет алоқасидан фойдаланиш имкониятининг яратилганини алоҳида қайд этишни истардим. Биз ушбу йўналишдаги ишларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаймиз.  

Ҳафталик тадбирлари давом этмоқда.  

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА