Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда ҳоким ёрдамчилари қандай ишлаяпти?
10:25 / 2022-06-22

Самарқанд вилоятида маҳаллабай ишлаш ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар билан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси томонидан уюштирилган тадбир иштирокчиларига дастлаб шу пайтгача вилоятда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бахриёр Рофеевнинг таъкидлашича, йил бошидан вилоятдаги 1126 маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилган. Улар томонидан 733 мингта хонадонлар хатловдан ўтказилиб, тўрт тоифага ажратилди. 

– Биринчи тоифага даромади кам, ишсиз аъзолари бўлган, ўз ишини бошлашга қизиқиши катта, шунингдек, даромад топишга, касб ўрганишга ҳаракат қилаётган 145 минг хонадон киритилди, – дейди Б.Рофеев. – Доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор 173 минг 800 та хонадон иккинчи тоифада қайд этилди. Ногиронлиги ва касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 61 минг хонадон учинчи тоифага, иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ 353 минг 400 та хонадон эса тўртинчи тоифага киритилди. Хатлов натижаларига кўра, шу пайтгача ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракатлари билан меҳнатга лаёқатли, ишлаш истаги мавжуд 128 минг 836 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 

Хусусан, 721 минг нафарга яқин фуқаро ўзини-ўзи банд қилишига кўмаклашилди, 27 минг 888 нафар фуқаронинг ижара асосида ер ажратиш ҳисобига бандлиги таъминланди. 16 минг 527 нафар фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилди. 6500 нафардан ортиқ ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Шунингдек, ўтган даврда бандлик бошқармаси, савдо-саноат палатаси, бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, нодавлат таълим ташкилотлари томонидан 7900 нафарга яқин ишсизлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 12 минг нафар фуқарога 314,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари учун ижобий хулосалар берилган. 

Январь-апрель ойларида аукцион савдоларига қўйилган 30 минг 63 та лотдаги 6304,2 гектар ер майдонларидан 5671,6 гектари “е-auksion” тизими орқали аҳолига сотилган. Ҳозирда бу ерларда аҳоли томонидан полиз ва сабзавот экинлари парваришланмоқда. Аҳолининг қўшимча даромад манбаини шакллантириш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳоким ёрдамчилари томонидан йил бошидан буён фуқароларга 1751 та инкубатор, 644 минг бош парранда, 656 бош қорамол, 27993 бош қўй ва эчки, 6790 бош қуён, 10429 та асалари уяси, 349 минг туп мевали дарахт кўчатлари тарқатилди. 1858 та иссиқхона қуриб берилди.

Ҳоким ёрдамчилари кўмагида маҳаллаларда 11 минг 508 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. 741 та кичик ишлаб чиқариш, 1 477 та кичик хизмат кўрсатиш ва 90 та кўп қаватли уй-жойлар ертўласини ижарага бериш орқали савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилди. 340 та тадбиркор фаолияти кенгайтирилиб, 204 та корхона қувватлари тикланди. 93 та бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш учун ташаббускор фуқароларга кўмаклашиш орқали тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилган. 

Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда маҳаллабай ишлаш тизими асосида олиб борилаётган ишлар ва ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишди. Жумладан, Алишер Навоий маҳалласидаги “Бибихоним устоз” нодавлат таълим муассасасида бугунги кунда нафақат ушбу маҳалладаги, балки Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ҳам кам таъминланган ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий дафтарларда рўйхатда турадиган хотин-қизлар келиб, касб-ҳунар ўрганмоқда.

[gallery-7646]

– Ўқув марказида опа-сингилларимизга 11 йўналишда касб-ҳунар ўргатамиз, шунингдек, тадбиркорлик кўникмаларини эгаллашига ёрдам берамиз, – дейди ўқув маркази раҳбари Дилфуза Ғаффорова. – Маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган хотин-қизлар учун курсларимиз бепул. Ҳозир ҳам 50 нафар тингловчиларимизнинг 39 нафари ана шу имтиёздан фойдаланиб, касб-ҳунар ўрганмоқда. Ҳоким ёрдамчиси Абдулла Эшқуловнинг айтишича, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида йил бошидан буён маҳалладаги 6 кишига субсидия, 8 кишига кредит берилган. Бунинг натижасида маҳаллада хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган. Хотин-қизлар ўз хонадонида тикувчилик, қандолат маҳсулотлари ва пишириқлар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Айни пайтда яна 10 киши субсидия ва кредит сўраб мурожаат қилган.

Шундан сўнг журналист ва блогерлар Самарқанд туманидаги Деҳнав маҳалласидаги хонадонларда “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида кўкат етиштириш жараёни билан танишди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шодмон Шамсиевнинг таъкидлашича, ҳудуддаги 328 та хонадон тасарруфида 89 гектар томорқа ерлари мавжуд. Бу хонадонларда 280 дан ортиқ иссиқхона бор ва жорий йилда кредит асосида яна 3 та иссиқхона ташкил қилинган. Маҳалладаги хонадонларнинг барчаси йил давомида кўкат ва сабзавот экинлари етиштириш билан шуғулланади ва бу маҳсулотни ички бозор ва хорижга сотишади. 
Айни пайтда пресс-тур иштирокчилари Ургут тумани маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти ва маҳаллабай ишлаш тизими билан яқиндан танишмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, 
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА