Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда фавворалар сайли ўтказилди
20:39 / 2023-05-01

Ҳавонинг тафти илиб, ҳарорат кўтарилган сайин салқин ҳудудларга ошиқамиз. Аммо ҳар доим ҳам соя-салқин жойларга бориб ҳордиқ чиқаришнинг имкони йўқ. Айниқса, шаҳар марказида яшовчилар бундай муаммога кўп дуч келишади. Фавворалар бор жойда эса бу ташвиш йўқ. Сув зарралари кўкка кўтарилиб, ҳавонинг мўътадиллигини таъминлаб, кишига ажиб ҳузур-ҳаловат бағишлайди.

1 май – Фавворалар сайли куни муносабати билан бугун Самарқанд шаҳридаги фавворалар атрофи ҳар доимгидан ҳам гавжум бўлди. Турли рангларда жилоланиб кўзни қувнатаётган замонавий фавворалар кишига ўзгача завқ улашмоқда. Сайлга чиққан юртдошларимиз ён-атрофнинг гўзаллигига ҳамоҳанг тарзда майин мусиқага ўзига хос “рақс” тушаётган фаввораларни кузатиб, мароқли ҳордиқ чиқармоқда.  

[gallery-11691]

– Маҳалладошларимиз билан Ўзбекистонга саёҳатга келгандик, - дейди қирғизистонлик Дилфуза Тешабоева. - Самарқандга саёҳатимиз фавворалар сайлига тўғри келди. Кун бўйи тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб маза қилгандик. Кечки сайримиз фавворалар атрофидаги байрам дастурлари билан янада қизиқарли ўтди. Энг муҳими, сайёҳлар ҳам, маҳаллий аҳоли ҳам бирдек байрам завқини ҳис қилмоқда.  

Фавворалар сайли тадбирлари Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи, Кўксарой майдони, Университет хиёбони, Амир Темур майдони, Шоирлар боғи, «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази ва бошқа масканларда давом этди. Тадбирларда вилоят санъат усталари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилди.

Ғ.Ҳасанов, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА