Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда етти ойда 100 та маҳалла биноси фойдаланишга топширилди
11:17 / 2022-08-02

Жорий йил январь ойида Самарқанд вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базаси таҳлил қилинганда мавжуд 1126 маҳалланинг 86 таси ўз биносига эга эмаслиги, 40 маҳалла бир хонали, 171 маҳалла икки хонали бинода фаолият олиб бораётгани қайд этилганди.

Шунингдек, яна бир қатор маҳаллаларда етарли шарт-шароит мавжуд эмаслиги танқид қилиниб, ҳокимликлар ва сектор раҳбарларига, мутасаддиларга зарур топшириқлар берилган эди. Маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийлик ёрдамлари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида йил давомида вилоят бўйича 194 та маҳалла учун янги бино қуришга қарор қилинди.  

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил юртимизда маҳалла институти тубдан такомиллашди, – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Вазирлигимиз, ҳудудий бошқарма ва бўлимлар фаолияти янгича асосида йўлга қўйилди. Фуқаролар йиғинларида ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилди. Май-июнь ойларида маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказилиб, аҳоли томонидан энг муносиб етакчилар оқсоқолликка сайланди.

Маҳаллада ишловчиларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди, масъулияти ошди. Шу билан бирга одамларнинг ҳам маҳаллага муносабати ўзгарди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Ҳар қандай масалада одамлар аввало маҳаллага боради, қувончу ташвиши маҳалла билан. Бу ерда ечим топмаган масала, муаммо кейин юқорига чиқади. Шунинг учун маҳалла фуқаролар йиғинларида ходимлар ва аҳоли учун ҳам муносиб шароит бўлиши керак. Йил бошидаги таҳлиллар асосида вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан барча туман ва шаҳарларда маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.  

Керакли маблағ ажратилди, ҳомийлар топилди, аҳолининг ўзи ташаббус кўрсатди. Натижада шу пайтгача вилоятимизда юздан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 11, Нарпай туманида 10, Ургутда 9, Қўшработда 8 маҳалла янги бинога эга бўлди. Каттақўрғон тумани “Жавлон” маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси вилоятдаги юзинчи янги маҳалла биноси сифатида тантанали очилди. Қисқа фурсатда янгидан бунёд этилган бинода раис ва бошқа ходимлар учун зарур шароитлар яратилди.  

Бошқарма ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқармаси томонидан мебель ва компьютер жиҳозлари берилди. Янги бинонинг очилиши маросими эзгу ишга уланиб, маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг хатна тўйи ҳам ўтказилди. Вилоятда ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда ва август ойида 36 та, сентябрь-октябрь ойларида эса 70 та маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар фойдаланишга топширилади.  


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА