French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда бу йил ўтган йилгидан 40 минг тонна кўп кўмир тарқатилади
16:09 / 2022-10-12

“Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд филиали томонидан ўтган йил куз-қиш мавсумида аҳолига 80 минг тонна кўмир тарқатиш режалаштирилиб, кейинчалик тушган буюртмалар асосида яна 30 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етказиб берилган. Бу йил эса 123 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб бериш кўзда тутилган.

Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида айни пайтда давом этаётган жараён ҳақида маълумот берилди.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 февралдаги фармойишига асосан жорий йилнинг май-июнь ойларида вилоятдаги ижтимоий соҳа муассасаларига 46 минг 940 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди, – деди “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд филиали раҳбари Сайфиддин Жуманов. – Айни пайтда эса вилоятнинг газлаштирилмаган маҳаллаларида истиқомат қилувчи истеъмолчиларга темирйўл станцияларида жойлашган 8 та омбор ҳамда Қўшработ ва Ургут туманларидаги 4 та шохобча орқали кўмир тарқатилмоқда. Бунинг учун ҳокимликлар томонидан маҳаллалар кесимида рўйхат ва буюртмалар шакллантирилган. Ангрендан келтирилаётган кўмир ана шу рўйхат асосида бир тоннаси 300 минг 300 сўмдан истеъмолчиларга сотилмоқда.

Жумладан, мавсумда Ургут тумани аҳолисига 37 минг тонна, Пастдарғом туманига 10 минг 940 тонна ва бошқа туманларга 500 тоннадан 10 минг тоннагача кўмир тарқатиш кўзда тутилган. Бугунги кунгача аҳолига 43 минг 815 тонна кўмир маҳсулотлари тарқатилди.

Журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳридаги Зарафшон омборида туманларга кўмир тарқатиш жараёнлари билан ҳам танишди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА