Жорий йилда Самарқанд вилоятидаги 1818 фермер хўжалиги томонидан 75 минг 356 гектар майдонда ғўза парваришланди.
Ушбу майдонлардан 259 минг тонна юқори сифатли пахта йиғиштириб олиш режалаштирилган.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, айни пайтда вилоятнинг пахтачиликка ихтисослашган туманларида пахта хом ашёсини ўз вақтида йиғиштириб олишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бунинг учун мавсумда 31 дона замонавий, юқори унумдор пахта териш машинаси, 1735 та транспорт техникалари ва 2634 дона тиркамадан фойдаланиш кўзда тутилган. Ушбу техникалар белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолга келтирилган.
Хусусан, Пастдарғом туманида “Самарқанд Камалак инвест тектсил” тўқимачилик кластери ҳамда 273 фермер хўжалиги томонидан 16946 гектар ерда ғўза парваришланиб, мўл ҳосил етиштирилди.
– Бу йил туманимизда 53 минг тонна сифатли пахта хом ашёси йиғиштириб олиш мўлжалланган, – дейди Агроинспекциянинг Пастдарғом туман бўлими бошлиғи Обод Шодмонов. – Кластер корхонаси ва фермер хўжаликлари йиғим-терим мавсумига пухта ҳозирлик кўриб, 280 дона транспорт воситаси, 426 та тиркамани шай ҳолатга келтириб қўйган. Кластерига қарашли 6 та пахта қабул қилиш масканларида ҳам мавсумолди тайёргарлик тадбирлари ўтказилди. Масканларнинг барчасига онлайн режимида ишловчи электрон тарозилар ўрнатилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА