Самарқанд шаҳрида қурувчилар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда юртимиз улкан қурилиш ва бунёдкорлик мамлакатига айланди.
Халқимизнинг кўз ўнгида қад ростлаётган замонавий тураржойлар, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транспорт тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт муассасалари шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартирмоқда.

Маросимда иштирок этган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев соҳа ходимларини касб байрами билан табриклаб, қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланганини таъкидлади.
—Жорий йилнинг биринчи ярмида қурилиш ишлари ҳажми 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 триллион сўмга ортиб, салкам 8,7 триллион сўмга етгани бунинг яққол далилидир, – деди А. Бобоев. – Биргина жорий йилда Давлат дастурлари доирасида 1,8 триллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига 186 та ижтимоий соҳа объекти, 400 километрдан зиёд ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 50 та сув иншооти, 2 минг 339 километр автомобиль йўллар ва бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари давом этмоқда.

Айниқса, замонавий уй-жойлар барпо этиш бўйича юқори натижаларга эришилаётганини таъкидлаш лозим. Биргина 2024 йилда вилоятимизда 11 минг 500 хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Вилоятимизнинг 4 ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда.
Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат дастурлари асосида 2024 йилда
11541 хонадонли 153 та кўп қаватли уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса ҳудудларда 12500 хонадонли 179 та уй-жой қурилмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ қурувчиларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари