Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда баҳорги мавсумда 6,3 миллион туп кўчат экилади
14:20 / 2026-03-02

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида А-378 автомобиль йўлининг Самарқанд вилояти Нуробод ва Пастдарғом туманлари ҳудудидан ўтган қисмида йўлнинг иккита томонида 10 минг тупдан ортиқ дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Дам олиш кунларида мазкур ҳудуддаги Оқсой, Меҳнаткаш, Элбек маҳаллаларида корхона ва ташкилотлар, аҳоли томонидан ҳашар уюштирилиб, дарахт кўчатлари экилди. Бу ҳудудлар асосан дашт ерлардан иборат бўлиб, ёз ойларида жазирама иссиқ ҳамда чанг-тўзонлар кузатилади. Шу сабабли ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш, чанг ва зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда аҳоли учун обод ва файзли масканларни яратиш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали дарахтлардан иборат “яшил белбоғ”лар, шунингдек, писта ва бодомзорлар яратилмоқда.  

Кўчат экиш тадбирида вилоят ҳокими Адиз Бобоев ҳам иштирок этди. У юртимизни боғу бўстонга айлантириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи эканини таъкидлаб, эзгу ният билан кўчат ўтқазди.

Вилоят раҳбари ҳудудлар масъуллари ва мутасаддиларга экилган кўчатларни суғориш тизимини самарали йўлга қўйиш ва парваришлаш бўйича топшириқлар берди.  

Самарқанд вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармасининг маълумотларига кўра, жорий баҳорги мавсумда вилоятда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 6,3 миллион туп мевали ва манзарали дарахт, бута кўчатлари экиш кўзда тутилган. Айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида бу жараён давом этмоқда.

Вилоятдаги ўрмон хўжаликлари, кўчатчиликка ихтисослаштирилган 50 дан ортиқ фермер хўжалиги ҳамда 1000 га яқин аҳоли хонадонларида 13,2 миллион туп кўчат тайёрланган. Бу кўчатлар деҳқон бозорлари, марказий йўл ёқаларида ташкил этилган кўчат ярмарка савдолари орқали сотилмоқда, буюртма асосида мамлакатимиз бўйлаб етказиб берилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари