Самарқандда спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича катталар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон кубогида мамлакатимизнинг 150 нафардан ортиқ маҳоратли спортчилари ғолиблик учун беллашмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ўзказилаётган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан карантин даврида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган онлайн мусобақа ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Шундан сўнг, Ўзбекистон кубоги беллашувлари бошланди.
– Мусобақа низомига кўра, спорт усталигига номзодлар ва спорт усталари алоҳида дастурлар бўйича яккалик баҳсларида, шунингдек, жамоавий беллашувларда ҳам иштирок этади, - дейди мусобақа бош ҳаками, халқаро тоифадаги ҳакам Насиба Холиқова. – Чунки, мазкур мусобақа мамлакат терма жамоасини шакллантиришга хизмат қилади. Ҳаммамизга маълумки, пандемия сабаб жорий йилнинг асосий қисмини карантин шароитида ўтказдик. Гимнастикачиларимиз онлайн режимда уйда машғулотларни ўтказишган бўлса-да, жисмоний ҳолат белгиланган меъёрда эмас. Шу боис, мазкур мусобақага жиддий эътибор қаратган ҳолда уларнинг маҳоратларни яна бир синовдан ўтказмоқдамиз. Энг муносиблар ғолибликка эришиб, мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилишади.
Ўзбекистон кубоги баҳслари 19 декабрга қадар давом этади.
[gallery-473]
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА