Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда Алишер Навоий ўқиган мадраса сақланиб қолганми?
10:30 / 2021-02-02

Тарихий манбаларда келтирилишича, Алишер Навоий 1464-1469 йилларда, яъни йигитлик чоғларида Самарқандда яшаб, илм ўрганган.

Академиклар Воҳид Абдуллаев ва Ботурхон Валихўжаев буюк алломанинг Самарқанддаги ҳаёти ҳақида илмий тадқиқотлар олиб бориб, қимматли маъумотларни ёзиб қолдиришган. Самарқанддаги таҳсил Навоий камолотида муҳим ўрин тутганлиги қайд этилади.

Олимларнинг ёзишларича, Навоий Самарқандда Фазлуллоҳ Абу Лайсий мадрасасида ислом шариати, яъни фиқҳ илми бўйича таълим олган. Фазлуллоҳ Абу Лайсий фиқҳ, усули дин, тиб ва фалсафа илмларида катта шуҳрат қозонган, “Бўстонул орифин”, “Танбеҳул ғофилин” асарлари билан машҳур бўлган Абу Лайс Самарқандийнинг авлоди ҳисобланган. Алишер Навоий буни ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида алоҳида таъкидлаб, “Фиқҳда ани Абу Ҳанифаи Соний (иккинчи Абу Ҳанифа) дерлар эрди ва арабиятда Ибн Ҳожиб каффасида (даражасида) тутарлар эрди”, дейди.

Навоий Фазлуллоҳ Абу Лайсий шеъриятга ҳам алоқадор инсон эканлигини таъкидлаб, ўзини бу устозига фарзандлик даражасида турганлигини қайд этади. Бу таҳсил шоирнинг ҳаёти ва ижодида муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Фақиҳ Абу Лайс масжид мажмуаси мавжуд. Аммо Навоий таҳсил олган мадраса сақланиб қолмаган.

– Қадамжо Х асрда яшаган буюк олим, ҳидоят имоми фақиҳ Абу Лайс номи билан аталади, – дейди Фақиҳ Абу Лайс масжиди ноиб имоми Аҳмад Ҳасанов. – Ушбу ҳудудда XIV-XV асрларда аллома авлодидан бўлган Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абу Лайсийнинг мадрасаси, масжид ва хонақоҳи бўлган. Бу ерда Хожа Аҳрори Валий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Саъдуддин Қошғарий ва бошқа буюк зотлар сабоқ олганлиги ҳақида маълумотлар бор. Афсуски, мадраса бузилиб кетиб, бизгача етиб келмаган, Фақат масжиднинг пойдевори ва Фазлуллоҳ Абу Лайсийнинг қабри сақланиб қолган. XIX асрда масжид асл кўринишида қайта қурилган ва кейинги йилларда мажмуада таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Бу йил мамлакатимизда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда мазкур мажмуа ва унинг атрофини ободонлаштириш, бу масканни юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар келиб зиёрат қилишлари учун зарур шарт-шароит яратишни режалаштирган.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА