Жорий йилнинг 24-26 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида «ICTWeek Uzbekistan 2022»- ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтади.
Тадбирлар янги Халқаро сайёҳлик маркази ҳудудида ўтказилади. Бу ерда йирик хорижий ва маҳаллий компаниялар ўзларининг янги технологик ечимларини тақдим этади.
Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги 2004 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбир 18 йил вақт давомида анъанавий тарзда қатор ихтисослаштирилган тадбирларни ягона форматда бирлаштириб келади.
ICTWeekни ўтказишдан асосий мақсад тажриба алмашиш ҳамда замонавий технологиялар ва инновациялар ютуқлари тақдимотини ўтказиш учун ўзига хос майдонча яратишдан иборат. Бундан ташқари, бу хорижий инвесторларга Ўзбекистон IT-бозорининг жозибадорлигини намойиш этиш, давлат, компания ва истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ажойиб имкониятдир.
ICTWeek доирасида ташриф буюрувчиларни мазмунли дастур кутмоқда. У ихтисослаштирилган саммитлар, форумлар ва панел муҳокамаларини ўз ичига олган.
Кўргазмага ташриф буюрувчилар хорижий компанияларнинг техник ютуқларини ўз кўзи билан кўриш, IT соҳасидаги инновациялар билан танишиш, яқинда Самарқанд шаҳрида барпо этилган янги сайёҳлик марказига ташриф буюриш учун ажойиб имкониятга эга бўлади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА