Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда аҳоли хонадонларига қуёш панели ўрнатилади
16:32 / 2023-02-09

Энергия тежамкорлигини ошириш ҳамда экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бу йилги қиш мавсуми аҳоли хонадонлари, корхона ва ташкилотларда муқобил энергия манбааларидан фойдаланишга ўтишни даврнинг ўзи тақозо этаётганини яққол кўрсатди. Шу сабабли давлатимиз томонидан қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаалари ишлаб чиқарувчи, ундан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилмоқда.

Самарқанд вилоятидаги корхона ва ташкилотлар, аҳоли хонадонларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш орқали энергия тежамкорлигига ва ушбу хизмат учун маблағнинг иқтисод қилинишига эришилмоқда. Ўтган йил вилоят ҳокимлиги бу борада биринчилардан бўлиб ўз биносида 150 киловатли қуёш панеллари ўрнатган эди. Шундан сўнг вилоят молия бошқармаси, вилоят прокуратураси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, олий таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳаллалар ва бошқа ташкилотларнинг маъмурий ва ёрдамчи биноларида, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳам қуёш фотоэлектр станцияларидан фойдалана бошлади. Шунингдек, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган ва кам таъминланган оилалар хонадонларига 718 та қуёш панели ўрнатилди. Шу тарзда йил якунига қадар вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, аҳоли хонадонларида қуввати 2103 кВт бўлган жами 4206 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 202 та сув иситиш ускунаси ўрнатилди.  

Бу рақамлар таҳлил қилиб кўрилса, ҳар бир ташкилот, хонадонда электр энергиясига сарфланган маблағ иқтисод қилингани ойдинлашади. Мисол учун, вилоят ҳокимлигидаги қуёш фотоэлектр станцияси орқали беш ой давомида 61 минг киловатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 21 миллион сўмдан кўп маблағ иқтисод қилинди. Ургут тумани ҳокимлигининг маълумотларига кўра, ўтган йил тумандаги 90 та эҳтиёжманд хонадонга маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан қуёш панеллари ўрнатиб берилган экан. Бу йил эса бу ишни яна ҳам кенг кўламда амалга ошириш режалаштирилган.  

– Туманимизда ҳам шу пайтгача кўп оилалар ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатиб, электр энергиясидан фойдаланиб келмоқда, – дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Аслиддин Обломуродов. – Эндиликда муқобил энергия манбааларидан фойдаланувчилар учун давлат томонидан бир қатор имтиёзлар берилгач, қуёш панели ўрнатмоқчи бўлган оилалар кўпаймоқда. Айни пайтда янги қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва қурувчиларга ҳам бинолар том қисмини қуёш панеллари ўрнатишга мослаб лойиҳалаштириш талаби қўйилмоқда. Жумладан, бу йил туманимизда қуриладиган 17 та тўққиз қаватли уйнинг ҳар бири том қисмида 20 киловатли қуёш панеллари ўрнатилади. Бундан ташқари, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 260 дан ортиқ оилага ҳам маҳаллий бюджет ҳисобидан қуёш панеллари олиб берилиб, уларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларига барҳам берилади.  

– Маҳалладаги “Темир дафтарда” рўйхатда турамиз – дейди ургутлик Лайло Раҳмонова. – Ўтган йил ҳокимият вакиллари келиб, давлат томонидан уйимизга қуёш панели ўрнатиб берилишини айтишди ва бу иш қисқа вақтда амалга оширилди. Бу восита уйни ёритиш, айрим маиший техникаларни ишлатишда жуда қулай экан. Пулимиз тежаляпти.  

Яқинда туманни жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимотида бу йил Ургутда қуввати 10,1 мегаватт бўлган замонавий қуёш фотоэлектр станциялари ва қуёш сув иситкичлари ўрнатилиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилганди. Шунингдек, туманда қуёш фотоэлектр станциялари қурилмалари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш белгиланган эди. Умуман, жорий йилда Самарқанд вилоятдаги ижтимиий соҳа объектлари, давлат идоралари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 46,8 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қуввати 20 мегават бўлган кичик фотоэлектрстанциялар барпо этилади.  

Амалга ошириладиган тадбирлар натижасида 359,9 миллион киловатт соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 230 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилиши кутилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА