Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги «Таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 59-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 13-бандига асосан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда стипендия тўланиши белгиланган.
Аммо вилоятдаги олий таълим муассасаларининг айримларида мазкур талаб ижросига панжа орқасидан қаралаётган ҳолатлар мавжудлиги кўзга ташланмоқда.
Хусусан, мазкур Низом талабларига риоя этилиши юзасидан Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг 2022 йил 28 апрелдаги 121-ум-сонли буйруғига асосан Оқдарё туман адлия бўлими томонидан Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ўрганиш ўтказилганда 9 нафар I ва II гуруҳ ногирони бўлган талабаларга жами 13 миллион 982 минг 760 сўм стипендия тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.
Жумладан, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали Агрокимё ва агро тупроқшунослик таълим йўналиши 1-курс талабаси У.Турдиев II гуруҳ ногирони бўлсада, унга 2021 йил cентябрь ойидан 2022 йил март ойигача стипендиянинг базавий миқдорида яъни 517 минг 880 сўмдан стипендия тўланиб, ушбу ойлар учун стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда қайта ҳисобланганда жами 1 миллион 553 минг 640 сўм стипендия пули тўлаб берилмаган.
Шунингдек, II гуруҳ ногирони бўлган Логистика таълим йўналиши 1-курс талабаси О.Одиловга ҳам 2021 йил сентябрь ойидан 2022 йил март ойигача стипендиянинг базавий миқдорида яъни 517 минг 880 сўмдан стипендия тўланиб, ушбу ойлар учун стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда қайта ҳисобланганда жами 1 миллион 553 минг 640 сўм стипендия пули тўланмаган.
Афсуски, бундай ҳолатлар филиал масъуллари томонидан I-II гуруҳ ногирони бўлган бошқа талабалар билан ҳам такрорланган. Оқдарё туман адлия бўлими томонидан аниқланган ҳолатлар ва қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи омилларни бартараф этиш тўғрисида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори номига тақдимнома киритилган. Кўрилган таъсир чоралари натижасида 9 нафар талабага 7 ой мобайнида тўланмай келинган 13 миллион сўмдан ортиқ стипендия тўлаб берилиши таъминланди.
Мансур Ҳасанов,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси