Бугун Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактабларида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида Билимлар куни тадбирлари ўтказилиб, янги ўқув йили бошланди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, бу йил 1272 та умумтаълим мактаби ҳамда 46 та нодавлат таълим муассасасига 87441 нафар бола 1-синфга қабул қилинди. Уларга 13 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” берилди.
Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев Самарқанд шаҳридаги 43-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни Ватанимиз мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ҳамда янги ўқув йили билан табриклади. Вилоятда таълим соҳасида амалга оширилаётган янгилик ва ўзгаришлар, ўқитувчилар меҳнатини муносиб қадрлаш тўғрисида сўз юритди.
Шунингдек, маросимда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
– Табрикда Президентимиз бугунги кунда ўз олдимизга қўяётган катта-катта мақсадларга эришишнинг асосий омили, бош калитини, аввало, таълимда, мактабларимизда, деб эътироф этиши биз – ўқитувчилар зиммасига улкан масъулият юклади, – дейди Самарқанд шаҳридаги 43-умутаълим мактаби директори ўринбосари Фарангиз Дўстмуродова. – Муассасамизда меҳнат қилаётган 76 нафар ўқитувчи-мураббий ана шу масъулиятни теран ҳис қилган ҳолда 1630 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия беришда доим буни ёдда тутамиз. Ўтган ўқув йилида мактабимизни битирган 70 нафар йигит-қизнинг 30 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Янги ўқув йилида эса 140 нафардан зиёд болажонлар 1-синфга қабул қилинди ва улар бугундан сабоқларни бошлади.
[gallery-25127]
Маълумотларга кўра, янги ўқув йили арафасида вилоятдаги 76 та мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилиб, қўшимча 21 минг нафарга яқин ўқувчи ўрни яратилди. Маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан 25 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва натижада 4600 та янги ўқувчи ўрни яратилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари