Бу ҳақда Кадастр агентлги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Фозилбек Худойқулов вилоятда ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш, ер муносабатлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан амалга оширилган назорат тадбирлари юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилди.

– Барча тоифадаги ерлардан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳамда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича қатъий чоралар кўриш кадастр агентлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, – деди Ф.Худойқулов. – Мазкур фаолиятни амалга ошириш, ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш самарадорлигини ошириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида фаолият кўрсатаётган ер инспектор ходимлари планшет ва боди-камера билан таъминланган. Улар давлат ер назорати тадбирларини ушбу қурилмалар ёрдамида “E-Yer nazorat” ахборот алмашинув тизимида жойида расмийлаштирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойи давомида вилоят ҳудудида 4256 та ҳолатда 724 гектар ер майдонлари турли хил мақсадларда фойдаланиш учун ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахсларга берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмалар натижасида 1061 иш бўйича қонун бузилиши ихтиёрий бартараф этилиб, 85 гектар ер дастлабки ҳолатига қайтарилиши таъминланди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 494 гектар ер майдонларини дастлабки ҳолатига қайтармаган шахсларни (2862 ҳолат бўйича) маъмурий жавобгарликка тортиш ҳамда ноқонуний қурилмани буздириш, эгалланган ер майдонини қайтариш юзасидан суд идораларига даъво аризалари киритилди. Мазкур даъво аризаларнинг 2148 таси қаноатлантирилиб, 384 гектар ер майдонларини қайтариш бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари ижрога қаратилди.
Суғориладиган ерлардан қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун, жумладан, саноат ва фуқаролик объектлари, шунингдек, унумдор тупроқ талаб этилмайдиган илғор технологияларнинг янги усуллари қўлланиладиган иссиқхоналар қурилиши учун ажратишга йўл қўйилмайди. Аммо ер назорати тадбирлари давомида жиноят аломатлари мавжуд бўлган 487 та ҳолатда 93 гектар ер майдонларидаги қонун бузилиши юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
Брифингда маълум қилинишича, кадастр агентлигининг ер назорат тадбирларида 393 ҳолатда 2297 гектар ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланилаётгани аниқланиб, белгиланган тартибда туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилган ва 187 гектар ер майдонлари туман ҳокимликлари захирасига қайтарилиши таъминланган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири