Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда 60 минг нафар ўқувчига мактаб формаси бепул берилади
10:05 / 2022-07-19

2022/2023 ўқув йилидан юртимиздаги давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун ягона мактаб формаси жорий этилади.

Республика ҳукумати қарори билан айни пайтда бу борада зарур тайёргарлик юмушлари амалга оширилмоқда. Ўқувчилар сони ва эҳтиёждан келиб чиқиб, тикувчилик корхоналарида мактаб формаси ишлаб чиқарилмоқда.

Самарқанд вилоятидаги 12 та тўқимачилик корхонасига мактаб формаси тикиш юклатилган. Шунингдек, уларга 32 та қўшимча тикув корхоналари ёрдам бермоқда ва айни кунда вилоятда 44 та корхона ўқувчилар учун мактаб формаси тайёрламоқда.

– Мактаб формасининг нархи ўқувчиларнинг ёшига қараб, 200 минг сўмдан 400 минг сўмгача белгиланган, - дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Олимов. – Матоси евро материалдан бўлиб, хориждан келтирилмоқда. 1-6-синфгача бўлган болалар учун эркин бичимда, 7-11-синфгача бўлган ўқувчилар учун классик бичимда тайёрланяпти. Мактаб формаси ўғил болалар учун костюм, нимча, шим, қиз болалар учун костюм, нимча, юбкадан иборат. 

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан айрим тикув корхоналари маълум мактабларга бириктирилган бўлса, айрим корхоналар ҳудудий эҳтиёждан келиб чиқиб, мактаб формалари тайёрламоқда. 

Бу йилги мактаб формалари кам таъминланган оила фарзандлари, шунингдек, “Аёллар”, “Ёшлар”, “Темир” дафтарларга киритилган оила фарзандларига ҳокимликлар томонидан бепул берилади. Вилоятда тахминан 60 мингдан зиёд ўқувчи юқоридаги тоифа фарзандлари бўлгани сабабли улар бепул мактаб формалари билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мактаб ярмаркалари аҳолига қулай бўлган туман (шаҳар) марказларида 10 августдан бошлаб ташкил этилади.


 Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА