Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда 446 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолати аниқланган
15:12 / 2023-02-22

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг яқинда ўтказилган сессиясидаги ахборотида қайд этилишича, 2022 йилда вилоятдаги 2121 та давлат органи ва ташкилотларининг иш фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлиги юзасидан ўтказилган 1395 та мониторинг ва 1104 та ўрганишда 446 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

– Мазкур қонун бузилиш ҳолатларининг 129 мингтага яқини пенсия ва нафақа, қарйиб 70 мингтаси солиқ, 49 минг 800 дан ортиғи таълим, 31 минг 600 таси меҳнат ва бандлик, 16 минг 800 га яқини соғлиқни сақлаш соҳаларига тегишли ҳисобланади, – деди С.Нуриев. – Қонун ҳужжатларининг нотўғри қўлланилиши билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатларининг 45 минг 400 дан ортиғи Ургут туманида, 41 минг 700 дан кўпроғи Пастдарғом туманида, 30 мингтаси Булунғур туманида аниқланган.  

Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида огоҳнома, тақдимнома, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб судларга 3070 та ариза киритилди. Бундан ташқари, қонун бузилишига йўл қўйилиши юзасидан тегишли органларга маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 1376 та, жиноий жавобгарликка тортиш учун 16 та таклиф берилди. Натижада, жисмоний ва юридик шахсларга 102 миллиард 969 миллион сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг 2099 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. 1354 нафар шахс маъмурий жавобгарликка, 2 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Мисол учун, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритувчи “Bekmiz carpet” МЧЖнинг мурожаатига асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан киритилган даъво ариза Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 26 августдаги қарори билан қаноатлантирилиб, Солиқ бошқармасининг 2022 йил 13 июндаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва мазкур корхонага асоссиз ҳисобланган 5 миллиард сўмга яқин солиқ мажбурияти бекор қилинди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА