ФОТОРЕПОРТАЖ
Самарқандда армрестлинг бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
2000-2004 ҳамда 2008-2010 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилаётган мусобақада 9 та вилоят ва Тошкент шаҳри жамоаларининг 350 нафардан ортиқ спортчиси иштирок этмоқда. Ўзбекистон армрестлинг федерацияси ва унинг Самарқанд вилоят бўлинмаси, Самарқанд вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган мусобақада ёш тоифалари бўйича белгиланган вазнларда иштирокчилар чап ва қўлда баҳсларда ўз маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Бугун чап қўл баҳслари ўтказилган бўлса, эртага иштирокчилар ўнг қўл бўйича беллашади.
[gallery-10677]
– Мазкур мусобақа Осиё ва жаҳон чемпионатлари олдидан миллий терма жамоа таркибини шакллантиришга хизмат қилади, - дейди мусобақа бош ҳаками Юсуф Қодиров. – Жорий йилнинг апрель-май ойларида Осиё чемпионати баҳслари Бирлашган Араб Амирларининг Дубай шаҳрида ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, август-сентябрь ойларида Қозоғистонинг Олмаота шаҳрида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган спортчилар терма жамоага сараланиб, ушбу нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА