Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 1 январига қадар мамлакатимизнинг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига амалдаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда чиқиши мумкинлиги белгиланганди. 2021 йил 1 январдан бошлаб эса чет элга чиқадиган фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлиши шарт.
Шу сабаби 2019 йилдан ички ишлар идораларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш бошланганди.
Самарқанд вилояти матбуот уйида вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур жараён ҳақида маълумот берилди.
– Ҳозирга кунда вилоятимизда барча туман ва шаҳарлардаги бўлимларимизда хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш пунктлари фаолият олиб бормоқда, – дейди бошқарма бошлиғи Даврон Норчаев. – Жумладан, Самарқанд шаҳар ва Ургут туманида 2 тадан, бошқармамиз ва бошқа туман, шаҳарларда биттадан, жами 19 та шундай пункт аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шу пайтгача вилоятимиздан 237 минг 826 нафар фуқаро хорижга чиқиш биометрик паспорти олди. 2021 йилдан яқин қўшни давлатлар Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияга чиқиш учун ҳам янги паспорт талаб этилиши туфайли айни пайтда хорижга чиқиш паспорти олиш истагида бўлган фуқаролар кўпайган. Битта ускуна ёрдамида кунига 240-260 нафаргача юртдошларимизга янги паспорт расмийлаштирилмоқда ва улар 15 кунда ўз ҳужжатларини оляпти. Бугун Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Ургут туманларида янги паспорт олишга талабгорлар бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ.
Бошқарма бошлиғининг айтишича, 23 декабрдан фуқароларга амалдаги биометрик паспорт бериш ҳам тўхтатилди ва 2021 йилдан бошлаб ID карталар бериш жорий этилади. Бунинг учун барча туман ва шаҳарлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида зарур шарт-шароит яратилган. Айни пайтда хорижга чиқиш паспорти ҳар куни (дам олиш кунларидан ташқари) соат 8.00 дан 18.00 га қадар расмийлаштирилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА