Бу ҳақида Самарқанд вилояти прокуратураси органлари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда прокуратура органларининг вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.


Қайд этилишича, прокуратура органлари томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш, ер ажратишда суиистеъмолчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик борасида назорат тадбирлари олиб борилган.
– Йил давомида ер тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасига кўра, 204 га яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 73 та жиноят иши қўзғатилди, 18 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Нодир Қодиров. – Шунингдек, 1614 та ҳолатда 486 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқлаиб, 255 гектар ер ихтиёрий қайтарилишига эришилди. Ер сотиш билан боғлиқ 41 та жиноят фош этилиб, 179,2 гектар ернинг ноқонуний муомаласи олди олинди. 213 гектар ерни қайтариш юзасидан судларга 981 та даъво аризалар киритилди ва 152,4 гектар ер майдонларини қайтаришга доир 696 та даъво аризалар қаноатлантирилди. Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаган 800 нафар шахс маъмурий жавқбгарликка тортилди. Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назоратни таъминлаш юзасидан ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасига кўра, 1307 та қонун бузилиш ҳолати аниқланиб, прокурор назорати ҳужжатлари қўллаш орқали бартараф этилди. Жумладан, судларга 22 миллиард 753 миллион сўмлик 288 та даъво аризаси киритилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 68 та жиноят иши қўзғатилган.


Кўрилган чоралар ҳамда қўлланилган прокурор назорати ҳужжатлари натижаси ўлароқ, 1017 нафар, хусусан, 241 нафар юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ва бир қатор амалий ёрдамлар кўрсатилиб, ижобий натижаларга эришилган.
Матбуот анжуманида коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланишича, ўтган йил вилоятда 412 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 17 нафари ҳокимлик, 6 нафари ички ишлар, 11 нафари солиқ идоралари, 49 нафар банк, 6 нафар олий таълим, 46 нафар халқ таълими, 37 нафар соғлиқни сақлаш, 11 нафари мактабгача таълим, 13 нафари сув хўжалиги, 37 нафари электр энергияси ходимлари ҳисобланади. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 55 миллиард 600 миллион сўмни ташкил қилган ва тергов давомида 49 миллиард 300 миллион сўми ундирилган.


Матбуот анжуманидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоят прокуратурасида фуқароларни қабул қилиш ва улар мурожаатлари билан ишлаш жараёнларига гувоҳ бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА