Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда 2021 йилда 41 нафар аёл маст ҳолатда транспорт воситасини бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилган
15:49 / 2022-02-15

Ўқиб ёки эшитиб, ҳайрон қоласиз-а? Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Толиб Бойзоқов шу маълумотларни айтганда биз ҳам ҳайратда қолдик.

Кейинги кунларда йўл ҳаракати қоидалари қатъий риоя этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳақида кўп гапирилмоқда. Давлат раҳбарининг шахсан ўзи ушбу масала юзасидан йиғилиш ўтказиб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.  

Самарқанд вилояти суди ҳам 2021 йилда вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик билан боғлиқ ишларни бир таҳлил қилиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берди. 

[gallery-5769]

– 2021 йилда вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 3909 та жиноят ишлари кўриб тамомланган, – деди Т.Бойзоқов. – Шундан, жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) кўрилган жиноят ишлари 921 тани ташкил этди, яъни умумий ишларнинг қарийб тўртдан бир қисми. Бу ишлар бўйича 937 нафар шахс судланди, 354 та айблов ва 1 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, 27 нафар шахсга нисбатан жарима, 196 нафар шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш иши, 81 нафар шахсга нисбатан озодликни чеклаш, 51 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Чиқарилган айблов ҳукмлари бўйича судланган барча шахсларга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазолар тайинланган.  

Маълумотларга кўра, судланган шахсларнинг 10 нафарини вояга етмаганлар, 15 нафарини аёллар, 457 нафарини ёшлар, 49 нафарини 60 ёшдан ошганлар ташкил қилади. Содир этилган жиноятларнинг 229 таси магистрал йўлларда, 692 таси туман, шаҳар ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги ички йўлларда содир этилган. Бу жиноятлар оқибатида 211 нафар шахс вафот этган.  

Вилоят суди раисининг ўринбосари транспот воситасини маст ҳолатда бошқарган шахсларга нисбатан судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берди. Қайд этилишича, ўтган йил 4969 нафар шахсга нисбатан шу тоифидаги ишлар кўрилган. Жумладан, 41 нафар хотин-қиз маст ҳолатда транспорт воситасини бошқаргани учун суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилган. 

 Брифингда судьялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Вилоят суди томонидан бу борада қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритиш, жумладан, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарган шахсларга нисбатан кескин чоралар кўриш бўйича таклифлар билдирилгани айтилди.  


Ғ.ҲАСАНОВ,  
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА