7-Самарқанд округи ҳудудидаги 1111 та референдум участкасида 2 миллион 81 минг 436 нафар овоз берувчилар рўйхатга олинган. Уларнинг 65 минг нафарини илк бор ушбу сиёсий жараёнда қатнашаётган ёшлар ташкил этади.
Самарқанд шаҳридаги 12-референдум участкасида Шодиёна ва Баҳодир Ялангтўш маҳалларидан 1806 нафар овоз берувчи рўйхатга олинган. Участка комиссияси раиси Аловуддин Очиловнинг маълум қилишича, уларнинг 126 нафари 19-26 апрель кунлари муддатидан олдин овоз берган. Мазкур участкада ҳам соат 8.00 да давлат мадҳияси янграб, овоз бериш жараёнлари бошланди.
Ҳудуд аҳолиси янгиланаётган Конституция бўйича ўз муносабатини билдириб, референдумда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Улар референдумда тенг асосларда иштирок этади. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.
[gallery-11644]
Ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Референдум участкаларида фуқароларнинг овоз беришда иштирок этишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Айрим сабабларга кўра участкага кела олмайдиган фуқаролар учун овоз бериш уларнинг истагига кўра, яшаб турган жойида ташкил этилади.
Самарқанд вилоятидаги овоз бериш жараёнларини Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган ва аккредитациядан ўтказилган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, чет эллик ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари бевосита кузатиб бормоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА