Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабида ITKF каратэ-до бўйича ёшлар, ўсмирлар, катталар ва фахрийлар ўртасида тўртинчи Осиё-Океания чемпионати ўтказилди.
Ўзбекистон ITKF каратэ-до федерацияси, “Меҳригиё” ва “Сутелло” корхоналари ҳамда Тошкент кимё халқаро университети ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 18 га яқин давлатдан 500 нафар спортчи иштирок этди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон ITKF каратэ-до федерацияси раиси Шуҳрат Қўшмуродов, Осиё-Океания ITKF каратэ-до федерацияси президенти Иброҳим Ал Бакр ва Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев иштирок этди. Иштирокчилар кейинги пайтда каратэ оммалашиб бораётгани ва ушбу спорт билан шуғулланувчилар сони кўпаяётганини таъкидлашди.
[gallery-18830]
- Самарқанд тарихий шаҳар ва қадимий обидаларни кўпчилик кўришни орзу қилади, - дейди Иброҳим Ал Бакр. - Мусобақанинг Тошкентдан кўҳна кентга кўчирилишининг асосий сабаби шу аслида. Ўзим ҳам биринчи марта Самарқандга келдим. Ўзбекистонда каратэ билан шуғулланувчилар сони кўпайиб бормоқда. Жумладан, айни пайтда мамалакатингизда 5 минг нафардан зиёд киши шу спорт тури билан шуғулланади. Ўзбекистон бундан олдин ҳам бир марта жаҳон ва уч марта Осиё чемпионатига мезбонлик қилган. Тўртинчи Осиё-Океания чемпионати ҳам юқори савияда ўтказилди ва бунинг учун ташкилотчиларга раҳмат.
Муросасиз баҳсларга бой бўлган чемпионатда спортчилар ката, кихон, эмбу, кумите йўналишларида ўзаро беллашди. Якуний натижаларга кўра, умумий ҳисобда ўзбекистонлик спортчилар биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, кейинги ўринларни Тожикистон ва Туркманистон каратэчилари эгаллади.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА