Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда 171,9 миллиард сўм бюджет маблағлари ноқонуний ишлатилгани аниқланди
16:37 / 2026-01-22

2025 йилда Самарқанд вилоятида бюджет харажатлари 10 триллион 556 миллиард сўмга ижро этилган. Бунда, жумладан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари 5 триллион 952 миллиард сўмни, иқтисодиётга харажатлар эса 1 триллион 163 миллиард сўмни ташкил этди.

Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан вилоят прокуратура органлари томонидан доимий прокурор назорати ўрнатилган.  

Вилоят прокуратурасининг маълумотларига кўра, назорат тадбирлари давомида ўтган йил вилоятдаги бюджет ташкилотлари томонидан 171,9 миллиард сўм бюджет маблағлари қонун талабларига зид равишда сарфлангани аниқланган. Хусусан, 134,3 миллиард сўмлик ноқонуний харажат ва ортиқча тўловлар амалга оширилган, 34,8 миллиард сўм жамғарма маблағлари белгиланган тартибларга риоя этмаган ҳолда ишлатилган. Шунингдек, 2,8 миллиард сўмлик пул маблағлари ва моддий бойликлар камомадига йўл қўйилган.

Ноқонуний сарфланган маблағларнинг асосий қисми соғлиқни сақлаш (22  миллиард), ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси (19  миллиард), мактабгача ва мактаб таълими (17,9 миллиард), сув хўжалиги (8,9 миллиард), ичимлик суви ва оқова суви (19,9  миллиард), автомобиль йўллари (3,8 миллиард) ҳамда бошқа соҳалар (80,4  миллиард) ҳиссасига тўғри келмоқда.  

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Қорасув массивида 1680 ўринли умумтаълим мактаби ва спорт зали қурилишида амалда бажарилмаган 662 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қўшиб ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Назорат тадбирлари давомида бюджет интизомига риоя қилмаган 51 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ишлар судларга юборилган. Натижада тиббиёт соҳасидан 16 нафар, қурилишдан 11 нафар, сув хўжалигидан 6 нафар, ветеринариядан 5 нафар, мактабгача ва мактаб таълим ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари тизимидан 4 нафардан, маданият соҳасидан 3 нафар, қишлоқ ҳўжалиги ва  автомобил йўллари тармоқларидан 1 нафардан шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 34 та жиноят иши қўзғатилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири