Жорий йилнинг 11 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш ва “Яшил макон” кузги мавсумини ташкил этиш бўйича ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг 25 октябридан 1 декабргача кузги дарахт экиш мавсуми деб эълон қилинди.
Ушбу мавсумда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида салкам 7 миллион туп кўчат экилиши белгиланди.
– Умуммиллий лойиҳа доирасида 2023 йил баҳор мавсумида вилоят ҳудудида 10 миллион 364 минг туп мевали ва манзаралари дарахт, бута кўчатлари экилди, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори Рустам Исломов. – Самарқанд шаҳар Қорасув массивида 38 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ташкил этилди. 6,1 миллиард сўм маблағ эвазига туманлар ободонлаштириш бошқармаларига 8 та махсус техника харид қилинди. Куз мавсумда эса 6 миллион 942 минг туп кўчат экиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Яшил жамоат парклари” ташкил этилади. 19 гектар майдонда 16 та ҳокимлик боғи, шунингдек, давлат ташкилотлари томонидан 50 сотихдан 2 гектаргача ер майдонида ташкилот боғлари барпо этилади. 7 та шаҳар ва туманда 28,4 гектар “Яшил боғ”лар ҳамда атроф муҳитга таъсири хавфи 1 ва 2-тоифага кирувчи йирик саноат корхоналари томонидан 71,8 гектар майдонда 120 минг дона кўчат экилиб, “Яшил белбоғ” яратилади.
Булунғур, Жомбой туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи темирйўл ёқасида 41 километр масофада 24,93 гектар ер майдонида 30 минг 962 дона бодом, қайрағоч, айлант, терак кўчатлари экилиб, “яшил майдон”лар ташкил этилади.
Албатта, кўчат экилганидан сўнг уни тўлиқ кўкартириб олиш, парваришлаш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари давомида 55 километрдан зиёд суғориш тармоқлари қазилади ва 25 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланади.
Кўчат экиш ишларини сифатли амалга ошириш учун вилоятдаги 52 та кўчатхонада 10 миллион 237 минг туп захира яратилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири.