“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил иккинчи мавсумидаги овоз бериш якунларига кўра, мамлакат бўйлаб 1418 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Молия вазирлиги ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилишини маълум қилди.
Таъкидлаш лозимки “Ташаббусли бюджет” бўйича ажратилаётган маблағлар ҳудудларда аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишга ёрдам бермоқда. Шу боис мазкур жараёнда маҳалла ва идоралар, туманлар кесимида фуқаролар ўз лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, овоз беришда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи босқичида аҳоли томонидан 2888 та таклиф илгари сурилган бўлиб, ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан 1991 та таклиф овоз бериш жараёнига ўтказилган эди.
– Таклифларни қўллаб-қувватлаш учун вилоятимизнинг 850 мингдан ортиқ фуқаролари овоз беришда иштирок этди, – дейди Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳзоджон Турсунтошев. – Бу биринчи босқичдагига қараганда икки баравар кўп демакдир. Мазкур жараёнда 498 мингдан ортиқ овоз тўпланиб, 144 та таклиф ғолиб деб топилди. Овоз бериш жараёнларида Самарқанд шаҳри (119 338 та овоз), Иштихон (95 593 та овоз) ва Нуробод (83 597 та овоз) туманлари аҳолиси фаол бўлди ва уларнинг кўплаб таклифлари энг кўп овоз олди. Жумладан, Нуробод тумани Тим қишлоғидан Бунёдкор маҳалласигача бўлган 5 километр йўлни асфальт қилиш учун энг кўп – 15115 та овоз йиғилди. Мазкур туманнинг Сазағон маҳалласи аҳли ҳам қишлоққа кириш йўлини таъмирлаш учун 14727 та овоз тўплашга эришди.
“Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи босқичида ғолиб бўлган таклифлар асосида вилоят бўйича 19 та умумтаълим мактаби, 30 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 11 та боғча, 16 та маҳалла биноси ҳамда 48 та ички йўл таъмирланади. “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги иккинчи босқичи учун туман ва шаҳар ҳокимликлари қошида ташкил этилган фуқаролар ташаббуси жамғармасига мазкур ҳудудларнинг тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг 5 фоизи ҳисобидан 78,4 миллиард сўм ҳамда I ва II чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмининг 30 фоизи ҳисобидан 30,3 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА