Ўтмишнинг не-не воқеликларига гувоҳ бўлган, башариятнинг мураккаб ва талотўпли бўҳронларидан мардонавор ўтган, инсоният цивилизациясининг юксалиш нуқталарини белгилашда ўз қудратини намойиш этган, дунёнинг доврўғли минглаб ақл ва заковат пешволарига бешик бўлган Самарқанд жаҳон шахматида янги тарихни вужудга келтириш остонасида турибди.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистон, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясининг илгари сурилиши, ислоҳотлардаги изчиллик қисқа фурсатда юртимизнинг халқаро имижи юксалишига олиб келиши билан бирга жаҳон ҳамжамияти эътиборини гўзал ва бетакрор диёримизга қаратди.

Бугун дунё Ўзбекистонга катта қизиқиш билдираётгани юртимизга келаётган сайёҳлар оқимида, мамлакатимизда ташкил этилаётган жаҳон эътиборидаги тадбирлар мундарижасида янада яққол акс этмоқда.
Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жорий йилнинг 25-30 декабрь кунлари Самарқандда бўладиган жаҳон чемпионати бу, айни ҳолатнинг мантиқий давоми бўлиши билан Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини кўрсатиб бериш борасида яна бир улуғвор имконият майдони вужудга келганидан далолат.
Бундан 7-8 йиллар муқаддам “яқин келажакда мамлакатимизда Олимпия ўйинларининг кичик мусобақаси ўтказилади, юртимизда шахмат бўйича жаҳон чемпионати ташкил этилади”, дейилса биров ишонмасди. Тили бурро шартакилар ўша дамларда “олдин салом беришни эплаб ол, чўпчагингни ландавурларга айт” қабилида терс қараши ҳам тайин эди.
Аммо, бугун ўша шартакию, тили бурролар ҳам, қилдан қийиқ ахтарадиганлар ҳам Янги Ўзбекистон ғояси, тамойили ҳаётнинг талаби эканини, юртимиз том маънода халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини тан олмоқда, эътироф этмоқда.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, шахматнинг тарихи бир ярим минг йилни ташкил этади. Унинг келиб чиқиши, ривожланишида Ўзбекистон заминида ўтган сулола ва халқларнинг ҳиссаси беқиёс.
Масалан, 1972 йили Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа ҳудудида олиб борилган археологик қазилмалар вақтида 1-2-асрлардаги Кушон даврига оид шахмат доналари, 1977 йили Афросиёб харобаларида ўтказилган тадқиқотлар чоғида 7-8-асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган.

9 асрда яшаган араб олими ва шатранжчиси ал Адлийнинг ёзишича, шатранждаги инсон тафаккурини чеклаган шашхолдаги холларнинг тушишига қараб юриш (шашхол)нинг бекор қилиниши ва бу ўйиннинг ривожланишида Ўрта Осиё халқлари муҳим роль ўйнаган. Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун нафоис”, “Лисон ут тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ва бошқа тарихий асарларда шахмат (шатранж)га оид қимматли маълумотлар бор.
Амир Темур даврида кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан. Шатранж ҳақида китоб ёзиб, унга ўзининг ва 14-асргача Ўрта Осиёда яшаган кўплаб олия (гроссмейстер)ларнинг мансубаларини киритган. У соҳибқироннинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турганлиги битикларда қайд этилган.
“Ақл гимнастикаси” номи остида спорт тури мақомига кўтарилишига қадар шахмат кўплаб ўзгариш ва қўшимчалар билан бойиди.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимизда шахмат спорти тарихи жуда чуқур илдизларга эга. Мамлакатимиз ўзининг энг қадимги шахмат мактаби билан фахрланишга ҳақли эканини бугун Халқаро шахмат федерацияси аъзолари, жаҳон шахматининг етакчилари бот-бот такрорламоқда.
1984 йили Георгий Агзамов замонавий шахматда Ўзбекистоннинг биринчи халқаро гроссмейстери бўлган бўлса, 1992 йили Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳон шахмат олимпиадасида 2-ўринни, 1999 йили эса Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган.

Шахматнинг яралиш тарихи, унинг илк ўйин усуллари Самарқанд заминида пайдо бўлгани, Ҳинд кенгликларида равнақ топгани тўғрисидаги маълумотлар қадимий битикларда битилганки, Самарқандда шаҳрида тезкор ва блиц бўйича ФИДE жаҳон чемпионати ўтказилишининг маъқулланиши, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар дунёнинг энг кучлилари учун учрашув саҳнаси бўлиши тарихий юксалишнинг асрлар оша юзма-юз келаётганини англатаётгандек, назаримизда.
Шахматнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги Самарқандда тўқнаш келади, чунки дунёдаги энг қадимги шахмат доналари топилган шаҳар замонамизнинг кўплаб буюк шахматчиларига мезбонлик қилади.
25-30 декабрь кунлари шахмат ишқибозлари орзиқиб кутган беш кунлик мусобақада дунёнинг етакчи шахматчилари жаҳон чемпиони деган нуфузли унвонлар учун кураш олиб боради.
Айтиш лозим, мусобақанинг умумий соврин жамғармаси бир миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 700 минг АҚШ доллари очиқ турнирга ва 300 минг АҚШ доллари аёллар ўртасидаги мусобақа совриндорлари ўртасида тақсимланади.
Самарқанд шиддатли шахмат жангларига ҳозирланмоқда. Собиқ жаҳон чемпиони, 2022 йили Қозоғистонда ўтган жаҳон чемпионатида рапид ва блиц бўйича ғолибликка эришган Магнус Карлсен ўз чемпионлигини ҳимоя қилса, кучлилар қаторидан жой олишга умидвор Фабиано Каруана 2023 йилни Самарқанддаги фантастик ғалабаси билан йилни якунлашни мақсад қилмоқда. Йил давомидаги қатор турнирлардаги ғолиблик, АҚШ чемпионлиги тожини ҳимоя қилгани, жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллагани Каруанани Ўзбекистонга катта орзулар билан келаётганини англатмоқда.
Бугун шахмат оламида ўзига хос натижалари билан ажралиб турадиган хитойлик Дин Лижэнь, АҚШлик Хикару Накамурадан ташқари, жаҳон чемпионатининг икки карра иштирокчиси Ян Непомняший, тажрибали Левон Аронян, Аниш Гири ва Ю Янги, Ян-Кшиштоф Дуда ва Винсент Кеймер, Прагнанандха, Видит, Эригаиси ва Гукеш сингари даъвогарларнинг ҳам Самарқандда умидлари бисёр.
Шу ўринда мамлакатимиз шахмат мактабида камолга етиб, бугун дунё “Ақл гимнастикаси”да муносиб ўрин эгаллаб келаётган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов каби ўнлаб ёшларимизнинг ҳам Самарқанд мусобақаларидан орзу-истаклари бир олам. Ўз уйингда деворлар-да суяйди, қўллайди ақидасига амал қилинса, истеъдодларимиз ишончга муносиб ўйин намойиш этишини қалб қўримиз билан истаб қоламиз.
Чемпионатнинг аёллар ўртасидаги баҳслари ҳам ҳар жиҳатдан муросасиз ўтиши тайин. Бу борада Самарқанд чемпионатида хитойлик Тан Чжунъи, қозоғистонлик Бибисара Асаубаева ўз чемпионлик шарафларини ҳимоя қилиш учун кураш олиб боради. Аёллар ўртасида тўрт карра жаҳон чемпиони Жу Венжун ва 2023 йилги жаҳон чемпионати ғолиби Александра Горячкина, дунёнинг иккинчи рақамли шахматчи қизи ҳиндистонлик Хумпи Конеру, бу йилги аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионлигига даъвогар Лэй Тинцзе, жаҳон рейтингида кучлилар сафида қайд этилган Катерина Лагно, Анна Музичук ва Нана Дзагнидзе, собиқ жаҳон чемпионлари Антоанета Стефанова, Александра Костенюк ва Мария Музичук ўртасидаги баҳслар муросасизлиги билан ажралиб туради, албатта. Уларга Умида Омонова, Афрўза Ҳамдамова сингари мамлакатимизнинг ўнлаб шахматчи қизлари муносиб рақобат кўрсатишга ҳаракат қилади.
Самарқандда ўтадиган жаҳон чемпионати кун тартибига биноан 25 декабрда мусобақанинг очилиш маросими, 26-28 декабрь кунлари тезкор (рапид) йўналишдаги баҳслар, 29-30 декабрда эса блиц мусобақалари ташкил этилади.
Мазкур жаҳон чемпионатининг юртимизда ташкил этилаётганининг яна бир тарихий аҳамияти, бўлажак чемпионат 2026 йили мамлакатимизда ўтказилиши кутилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади.
Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, тарих ва бугуннинг меъморий мўъжизаси сифатида дунёни ўзига оҳанграбодек ошуфта этиб келаётган Самарқанд ўтган йиллар давомида янада кўркамлик касб этди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қисқа фурсатда унинг кўп қиррали сайёҳлик тизими, халқаро даражадаги меҳмонхоналар комплексининг бунёд этилиши, маданий-маърифий объектларнинг янада мафтункорлиги таъминланиши, қадимий шаҳарда бетакрор боқий шаҳар комплексининг яратилиши, замонавий халқаро анжуманлар мажмуалари қад ростлаши шахматнинг тезкор ва блиц йўналишлари бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этишга ҳар жиҳатдан мос келади.
Бир сўз билан айтганда, Самарқанд шахмат бўйича ўтказиб келинаётган жаҳон чемпионатлари тарихига янги зарварақ муҳрлаши, унинг шонли келажагини янги юксалиш чўққисига бошлаш остонаси бўлиб қолиши билан аҳамият касб этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА.