Қўқон давлат университети талабалари қадимий шаҳар билан яқиндан танишди
Қўқон давлат университетида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни бой тарихимиз ва маданий меросимиз билан яқиндан таништиришга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ташаббуслар эътиборга лойиқдир.

Мазкур ташаббус асосида университетнинг 85 нафар иқтидорли талабалари, 15 нафар профессор-ўқитувчилари ва тюторлари иштирокида Самарқанд шаҳрига 3 кунлик маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида иштирокчилар халқимизнинг илмий, диний ва маънавий қадриятлари мужассам бўлган қатор қадамжолар — Гўри Амир мақбараси, Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Хожа Дониёр зиёратгоҳи ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонаси каби тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Талабалар ушбу муқаддас масканлар орқали ўз тарихини чуқурроқ англаш, аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини ҳис этиш, қалбларида фахр-ифтихор туйғусини кучайтириш имконига эга бўлишди.
– Бу саёҳат мен учун катта таассурот қолдирди, – дейди университет ёшлари етакчиси Нозима Давлетова. – Қадимий Самарқандга илк бор сафар уюштирдим. Ўз кўзим билан кўриб, тарих дарсларида ўрганиб юрган ёдгорликларни ҳис қилганимда аждодларимизга бўлган эҳтиромим янада ошди.

Улуғ шаҳар — Самарқанднинг бой мероси билан танишиш талабаларнинг маънавий дунёсини бойитиб, эзгулик ва қадриятлармиз ҳақида теран тафаккур уйғотди.

– Бундай ташрифлар ёшларнинг тарихий хотираси, ватанпарварлик руҳини шакллантиришда муҳим воситадир, – дейди саёҳатга бошчилик қилган педагог Муқаддам Ҳайитова. – Университет раҳбарияти ташаббуси билан мунтазам ташкил этилаётган бу каби сафарлар нафақат туризмни, балки ёшлар орасида интеллектуал ва маънавий ўсишни ҳам рағбатлантиради.

Ушбу сафар нафақат кўнгилочар, балки чуқур ўқув-тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, иштирокчиларга юртимиз тарихини ўрганиш, миллий қадриятларга бўлган ҳурматни мустаҳкамлашда муҳим замин яратди.
ЎзА