Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд халқаро мусобақага тайёрланмоқда
18:04 / 2023-06-02

Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 9, 10 ва 11 июнь кунлари триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати, Осиё кубоги ва паратриатлон бўйича илк бор Осиё чемпионати баҳслари ўтказилади.

Самарқанд вилояти Матбуот уйида Ўзбекистон Триатлон федерацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва паралимпия қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мусобақага тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.  

Паратриатлон бўйича Осиё чемпионати мамлакатимизда илк марта ташкил этилаётган мусобақа ҳисобланиб,  унда дунёнинг турли мамлакатларидан 100 нафарга яқин имконияти чекланган спортчи қатнашиши кутилмоқда. Улар 750 метр масофага сузиш, 20 километр велосипед пойгаси ва 5 километр югуриш баҳсларида куч синашади.  

Триатлон бўйича Осиё кубоги баҳсларида эса дунёнинг энг яхши 50 нафар аёл ва 50 нафар эркак спортчилари иштирок этиши режалаштирилган. Унда элита тоифасидаги спортчилар стандарт/Олимпия масофаларида (1500 метр масофага сузиш, 40 километр велосипед пойгаси, 10 километр югуриш) ўзаро баҳс олиб боради.  

Мусобақа доирасида Ўрта Осиё спортчиларини (SATA – Central Asia triatlon Association) алоҳида ҳисобда тақдирлаш ўтказилади. Триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионатида Элита, U23 ва U15 тоифалари ўртасида стандарт ва супер-спринт масофасида триатлон бўйича миллий ва ўсмирлар терма жамоасига танлов ўтказилади.  

Шунингдек, 300 нафар ҳаваскор шахсий ва жамоавий тестларда қатнашади. Ушбу мусобақалар икки масофада, яъни олимпия (1500 метр масофага сузиш, 40 километр велосипед пойгаси, 10 километр югуриш) ва супер-спринт (350 метр масофага сузиш, 13 километр велосипед пойгаси, 3 километр югуриш) бўйича ташкил этилади.  

Мусобақада иштирок этувчи спортчилар 5 июндан бошлаб Самарқандга келади. Уларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари, гид-таржимонлар ва шу билан боғлиқ масалалар бўйича барча ташкилий ишлар якунига етказилганлиги қайд этилди.  

– Вилоятимиз халқаро миқёсдаги нуфузли анжуманлар, халқаро конференциялар ва спорт мусобақаларига мезбонлик қилиш борасида катта тажриба тўплаб бормоқда, – деди вилоят ҳокими ўринбосари Р. Қобилов. – Албатта, бу биз учун катта ютуқ. Чунки, ўтказилаётган ҳар бир халқаро тадбир вилоятимизнинг туристик салоҳияти тарғиботига хизмат қилади. Шу боис, мусобақани халқаро талабларга мос тартибда ўтказиш борасида ташкилий қўмита томонидан юқори суръатда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.  

Мусобақанинг асосий баҳслари “Ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳудудида ўтказилади. Фақатгина 11 июнь кунига белгиланган олимпия масофасида ўтказиладиган беллашувларда шаҳримизнинг диққатга сазовор ҳудудлари бўйлаб велопойга  баҳслари бўлади. Ушбу йўналиш бўйича тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди. Айни пайтда мазкур ҳудудларда хавфсизлик чораларини таъминлаш билан боғлиқ тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Самарқанд шаҳридаги мавжуд имконият халқаро экспертлар томонидан маъқулланиб, нуфузли мусобақани ўтказишга ишонч билдирилгани бундан кейин ҳам дунё миқёсидаги мусобақаларни қабул қилиш имкониятини оширади. Шундай экан, ҳар биримиз масъулиятни ҳис этган ҳолда мусобақани кўтаринки руҳда, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ўтказсак юртимиз, кўҳна шаҳримизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган бўламиз. 

[gallery-12191]

Анжуманда айни пайтда мусобақанинг ташкилий масалалари билан боғлиқ сўнгги тайёргарлик ишлари давом этаётганлиги қайд этилди. Мусобақа ўтказиладиган кунлари Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинча чеклаш бўйича тегишли қарор қабул қилиниши таъкидланди.  

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари мусобақани ўтказиш, имконияти чекланган иштирокчиларига яратиладиган шароитлар, тадбирларни ёритиш билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб олишди.  

Ғ. Ҳасанов,

А. Исроилов (сурат), ЎзА