English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд халқаро аэропорти бир ойда 100 минг йўловчига хизмат кўрсатди
14:20 / 2023-10-07

Самарқанд халқаро аэропортини бошқарувчи "AIR MARAKANDA" компанияси 2023 йил сентябрь ойида Самарқанд аэропорти тарихида илк бор бир ойда 100 мингдан ортиқ йўловчига, яъни 101 357 кишига хизмат кўрсатди.

Компаниядан маълум қилишича, ойда йўловчилар ташишнинг юқори даражаси айнан халқаро йўналишларда кузатилган. Энг талабгор парвозларга Самарқанддан Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Абу-Даби ва Дубайга қатнайдиган рейслар кирди. Ушбу авиақатновлардан фойдаланган йўловчиларнинг умумий сони 92184 кишини ташкил этди (2022 йил сентябрига нисбатан +173 фоиз).

Маҳаллий ҳаво йўлларида сентябрь ойидаги йўловчи ташиш ҳажми 9173 йўловчини ташкил этди (2022 йил сентябрга нисбатан +126 фоиз). Тошкент – энг кўп фойдаланиладиган маҳаллий йўналишга айланди.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд халқаро аэропорти 2023 йилнинг уч чорагида 715 минг 132 йўловчини қабул қилди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 123,3 фоиз ёки 394 минг 818 кишига кўпдир. 

Аэропорт тарихида бундай кўрсаткичлар умуман қайд этилмаган. Ижобий ривожланиш амалдаги ташувчиларнинг рейслари сонининг кўпайиши ва янги ҳамкорларни жалб қилиш билан боғлиқ.

2023 йил бошидан буён Самарқанд халқаро аэропорти маршрут тармоғини кенгайтириб, 9 ой ичида Самарқанддан 7 та ички ва 19 та халқаро йўналишларда парвозлар амалга оширилди. Жумладан Тел-Авив, Жидда, Қувайт, Минерал суви, Уфа, Самара, Мадинага илк бора парвоз йўлга қўйилди.

Айтиш жоизки, "AIR MARAKANDA" асосий стратегик йўналишларга, хусусан, халқаро авиация хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳисса қўшадиган чора-тадбирларни амалга ошириш, аэропорт инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатишни яхшилашга алоҳида эътибор бермоқда. 

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири