27 декабрь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарор имзоланди.
Самарқанд вилоятида туман (шаҳар)ларнинг ихтисослашуви, табиий хомашё ва ер ресурслари, географик жойлашуви ҳамда инфратузилмавий имкониятларида аниқланган қиёсий устунликка эга бўлган йўналишларда давлат ва хусусий сектор маблағларидан самарали фойдаланиш орқали юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарор билан 2026 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг 9 фоиз ўсишини таъминлаш, вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, ҳудудий экспорт ҳажмини 1,2 миллиард АҚШ долларига, хорижий инвестициялар ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш белгиланди. Шунингдек, ижтимоий соҳа, аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик фаолиятида энергия сарфини ўртача 20 фоизга пасайтириш, хорижий туристлар сонини 5 миллион нафаргача етказиш, яширин иқтисодиёт улушини 30 фоизга қисқартириш 2026 йилда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари қаторида қайд этилди.
Ҳар бир туман (шаҳар) ихтисослашуви, географик жойлашуви, табиий хомашё ва ер ресурслари ҳамда инфратузилмавий имкониятларидан келиб чиқиб, қиёсий устунлиги асосида “намунали ва методик” ҳудудга айлантирилади.
Йил давомида халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга ҳамда ички хўжаликлараро 298 километр автомобиль йўллари ҳамда 15 та йўл ўтказгични қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 14 та туман (шаҳар)да 1 та подстанцияни таъмирлаш, 70 та трансформатор пунктини ўрнатиш, 137 километр электр тармоқларини янгилаш, 14 туманда 90 та сув иншооти, 242 км сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш белгиланди.
Келгуси йил 1 июлдан вилоятдаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари тўлиқ туман (шаҳар) сув корхоналари ихтиёрига ўтказилади. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида талабгорларга пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун белгиланган тартибда ҳар бир гектарига 12 миллион сўмдан субсидия берилади.
2026 йил 1 январдан вилоятдаги қурилиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш лойиҳалари қатъий равишда “яшил” тамойиллар ва энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар асосида амалга оширилади. 348 та ижтимоий соҳа муассасалари “яшил” тамойиллар асосида модернизация қилинади ва 1036 та гелиоколлектор ўрнатилади, энергия истеъмоли юқори бўлган 3 мингта хонадонда энергия самарадорлиги таъминланади.
– Қарорга кўра, Ислом тараққиёт банки иштирокидаги "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида 57 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан 52 та маҳалладаги 257 та объектда 2026 йил 1 апрелдан қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборов. – Қишлок ҳудудларидаги 261 та маҳаллада “Uzagrostar xolding” компанияси ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги инструментларидан фойдаланилади. Туман ва шаҳарлар марказларидаги 150 та маҳаллани боғловчи гавжум кўчалар, соҳил ва йўлбўйи, савдо, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, туристик салоҳият юқори бўлган 19 та маҳаллада меҳмон уйлари, туризмга хизмат кўрсатувчи объектлар ташкил этилади. Чегара ва олис ҳудудлардаги 8 та маҳаллада қишлоқ хўжалиги ва кичик ишлаб чиқариш кенгайтирилади, халқаро (транзит) автомобиль йўллари бўйларидаги 168 та маҳаллада “servis point” ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. Бундан ташқари, бир ой муддатда вилоятдаги ҳар бир маҳалланинг ихтисослашувини кайта кўриб чиқиб, мавжуд ресурс ва механизмларни самарали сафарбар қилиш юзасидан манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгиланди. Албатта, бу вазифалар ва чора-тадбирларнинг амалга оширилиши вилоятимиздаги маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз учун қулай турмуш шароити яратишга хизмат қилади.
Булунғур тумани Ғўбдин массивидаги 100 гектар ер майдони “Ургут” эркин иқтисодий зонаси таркибига ўтказилади ва бу ерда юқори қўшилган қийматли, экспортга йўналтирилган лойиҳалар жойлаштирилади.
Нарпай туманидаги “Зирабулоқ” темир йўл станцияси атрофида жойлашган бўш турган бино ва иншоотлар негизида экспортбоп тайёр юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун халқаро тажриба асосида хусусий сектор томонидан бошқариладиган саноат зонаси ташкил этилади.
57 та норуда фойдали қазилмалар кон ва участкалар белгиланган тартибда электрон аукционларга чиқарилади.
“Қўшработ Агростар” негизида майизчилик кластери ташкил этилади. Бунда “Халқ банки” иштирокида Иштихон, Қўшработ, Ургут, Пайариқ, Каттақўрғон ва Самарқанд туманларидаги 42 минг гектар узумзорлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ушбу токзорларни янгилаш, майиз етиштириш ҳажмларини ошириш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади. Ихтисослашган 88 та маҳаллада органик майиз етиштириш ҳажмларини ошириш ҳисобига 2026 йилда вилоятда қўшимча 20 миллион АҚШ доллари ҳажмида майиз экспорти йўлга қўйилади. Қўшработ туманида 300 гектар ер майдонида замонавий ёндашувлар асосида узум кўчатларини етиштириш ҳамда майизчиликни ривожлантиришга ихтисослашган замонавий мажмуа ташкил этилади.
Ургут туманидаги Жартепа чегара божхона постига туташ ҳудуддаги 10 гектар ер майдонида “Жартепа” эркин савдо зонаси фаолияти йўлга қўйилади.
Вилоятнинг Нуробод тумани Нурбулоқ шаҳарчаси йил давомида узлуксиз хизмат кўрсатувчи “курорт” шаҳарчага айлантирилади ва бунинг учун инфратузилма барпо этишга 32 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Умуман, қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришни зарур ва барқарор инфратузилма билан таъминлаш учун 2026 йилда вилоятга 5,2 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири