Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилоятидаги судлар фаолияти таҳлили
07:01 / 2022-05-14

Самарқанд вилоят судлари томонидан жорий йил биринчи чоракда одил судловни амалга ошириш, қонун устиворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти юзасидан брифинг ўтказилди.

Унда вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ҳамда ўринбосарлари, вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев ҳисобот давридаги фаолият бўйича ахборот берди.

О.Ҳайитовнинг қайд этишича, йилнинг дастлабки уч ойида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 1494 нафар шахсга нисбатан 1215 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шундан 853 та иш бўйича 1105 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. 362 нафар шахсга нисбатан 389 та иш тугатилди. Кўриб тамомланган ишларда судланган шахсларнинг 139 нафарини аёллар (5 нафари муқаддам судланган) ҳамда 941 нафарини эркаклар (67 нафари муқаддам судланган) ташкил этади. Судланганларнинг 276 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 354 нафарига озодликни чеклаш, 350 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 80 нафар шахсга жарима жазоси тайинланди.

Шу билан бирга судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 175 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. Вилоят судларининг барча инстанцияларида 3 та жиноят иши бўйича 3 нафар шахс оқланди. 346 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 371 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди. Жазони ижро этиш манзил колонияларидан 166 нафар шахс тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди. Вилоят судларига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида 344 нафар шахсга нисбатан илтимосномалар келиб тушган бўлиб, 343 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган.

– Шуни афсус билан қайд этиш лозимки, йилнинг биринчи чораги давомида қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан судланганлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 нафарга, қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан судланганлар 28 нафарга, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти учун судланганлар 30 нафарга, шунингдек, фирибгарлик учун судланганган 87 нафарга ва ўғрилик қилганлар 22 нафарга кўпайди, – деди О.Ҳайитов. – Ушбу тоифадаги ишлар бўйича вилоят суди томонидан алоҳида режа ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўтган даврда вилоят судининг апелляция инстанцияси судлов ҳайъатларида 236 нафар шахсга нисбатан 174 та ишлар кўрилиб, 159 нафар шахсга нисбатан 120 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 58 нафар шахсга нисбатан 41 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, 19 нафар шахсга нисбатан 13 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган.

Самарқанд вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йилнинг 1 январдан 31 мартга қадар бўлган даврида кўрилган маъмурий ишлари бўйича жами 12 миллиард 562 миллион 835 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг таҳлили шу кўрсатадики, айрим турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин ошган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари биринчи инстанциясида 10408 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Тамомлаган ишларнинг 283 таси меҳнат низолари билан, 3131 таси оила низолари, 660 таси уй-жой низолари билан боғлиқ бўлди. Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 1894 та фуқаролик ишларининг 1026 таси қаноатлантирилган, 695 та даъво рад этилган.

Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2 86 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилган. Жумладан, 1952 та даъво қаноатлантирилган бўлса, 138 та даъво рад қилинган, 37 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган, 59 та иш юритишдан тугатилган.

– Ҳисобот даврида вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлар томонидан оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 269 та маъмурий иш кўриб тамомланди, – деди Т.Файзиев. – Уларнинг 130 таси қаноатлантирилиб, 100 таси рад этилди. Жумладан, туман, шаҳар ҳокимликларининг қарорларини бекор қилиш билан боғлиқ 102 та иш кўрилиб, 51 та қарор ҳақиқий эмас, деб топилди. Шунингдек, 47 та иш бўйича туман, шаҳар ФҲДЁ бўлимлари мансабдор шахсларига мажбурият юклатиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилди. 14 та иш бўйича бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимлари мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари қонунга хилоф деб, топилиб фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Брифингда судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимида раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА