Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев қуйидагиларни маълум қилди:
–Жорий йилнинг 16 январь куни Энергетика вазирлиги тизимидаги корхоналар фаолияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, бунда электр энергияси режадан кўп миқдорда ишлаб чиқарилди. Хусусан, корхоналар томонидан 255 миллион кВт•соат ишлаб чиқарилган бўлиб, бу режага нисбатан 107 фоиз кўпдир.
Истеъмолчиларга 244,4 миллион кВт•соат электр энергияси етказилган ва бу режага нисбатан 106 фоиз кўпни ташкил этган. Табиий газ истеъмоли - 163,5 миллион куб метр.
Мамлакатимиздаги 1 минг 371 та “метан заправка” орқали истеъмолчиларга 13,3 миллион куб метр табиий газ сотилди. Автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали 700 тонна суюлтирилган газ етказилди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 1 минг 907 тонна автобензин етказиб берилди. Биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 3 минг 300 тонна автобензин, 1 минг 962 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 2 минг 551 тонна автобензин ҳамда 333 тонна дизель ёнилғиси сотилди.
Электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик ўз вақтида бартараф қилинди. Хусусан, кучли шамол туфайли соат 11:30 да Самарқанд вилоятида 110 кВли “Л-Промузель” электр узатиш тармоғи 40 МВт қувват билан авариявий ўчди. Шу сабабли, Ургут тумани ҳамда Самарқанд шаҳридаги 16 мингта истеъмолчи электр таъминотисиз қолган ва куннинг иккинчи ярмида носозлик тўлиқ бартараф этилиб, электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Шунингдек, Тошкент вилоятида 110 кВли “Гўшткомбинат” подстанциясида трансформаторнинг авариявий ўчиши туфайли Зангиота туманидаги 3750 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Бу носозлик бартараф қилиниб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА