Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилоятида сув таъминоти билан боғлиқ камчилик ва ноқонуний ҳолатлар аниқланди
12:57 / 2022-03-04

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан Самарқанд вилоятида 2021 йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ва қўшимча давлат дастурлари доирасида 68 та ичимлик ва оқова сув хизмати объектида амалга оширилган қурилиш ва реконструкция ишлари ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида лойиҳаларни жойига чиқмасдан нотўғри ишлаб чиқиш, пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилган сифатсиз ишлар, бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш каби қатор камчилик ва ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Жумладан, берилган гидрогеологик хулоса нотўғрилиги сабабли Булунғур тумани “Хўжамазгил” МФЙда қазилган ер ости қудуғидан сув чиқмаган, натижада 1,3 миллиард сўм маблағ самарасиз сарфланган.  

Жомбой тумани “Ногаҳон” МФЙда қиймати 76,8 миллион сўмлик янги сув минораси ўрнига эски ва сифатсиз сув минораси ўрнатилган. Иштихон, Қўшробот, Оқдарё, Пастдарғом, Пайариқ, Пахтачи ва Ургут туманларидаги сув иншоотларига 13 та 96 миллион сўмлик замонавий ультратовуш ҳисоблагичлари ўрнига оддий механик ҳисоблагичлар ўрнатилган.  

Иштихон, Қўшработ, Нарпай ва Пахтачи туманларида ичимлик суви тармоғи тортишда хонадонларни улаш нуқтасида 2 мингдан ортиқ кузатув қудуқларига 466 миллион сўмлик темир қопқоқ ўрнатилмаган. Жомбой тумани “Ногаҳон” МФЙдаги қиймати 1,5 миллиард сўм бўлган ичимлик сув таъминоти объектида қурилиш ишлари якунланмай туриб, аҳолини ичимлик суви билан таъминламайдиган объект давлат комиссияси томонидан қабул қилинган. 

Булунғур тумани “Кичик қилдон” МФЙда ичимлик сув иншоотини қуришда бетонлаш ва гидроизоляция ишлари ҳамда ер ости қудуғининг қурилиш-монтаж ишларида цементлаш ишлари амалга оширилмаган. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ер ости қудуғини цементлаш ишларида ШНҚ қоидаларига амал қилинмаслиги, мазкур қудуқнинг ва қудуқ атрофидаги ер ости чучук сувларнинг шўрланиб кетишига олиб келади. 

Шунингдек, умумий қиймати 8,2 миллиардга тенг. Нуробод туманида - 4,3 миллиард сўм, Ургут туманида -  2,7 миллиард сўм, Тойлоқ туманида- 1,2 миллиард сўм эвазига қурилган иншоотлар орқали аҳолига ичимлик суви шартнома ва тўловларсиз етказиб берилаётгани аниқланди. Тойлоқ туманида 2021 йил ноябрь ойида фойдаланишга топширилган, умумий қиймати 1,8 миллиард сўмга тенг объект орқали режалаштирилган 379 та хонадон ичимлик суви билан ҳалигача  таъминланмаган.  

Ҳудди шундай, Самарқанд шаҳридаги “Фидойилар” ва “Чилистон” МФЙ ҳудудларида қурилган, умумий қиймати 3,9 миллиард сўмга тенг оқова сув тармоғига уланиши белгиланган хонадонлар ҳалигача уланмаган. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА