Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг буйруғига асосан Ривожиддин Маҳкулов Самарқанд вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Р.Маҳкулов Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи котибияти мудири лавозимида фаолият олиб борган.

***
Мажбурий ижро бюроси Пастдарғом туман бўлими томонидан 13 та суд ҳужжати асосида 38 турдан зиёд, умумий қиймати 113,4 миллион сўмдан ортиқ бўлган сифати кафолатланмаган дори воситалари, шунингдек, жиноят ишлари бўйича ашёвий далил сифатида эътироф этилган буюмлар ва бошқа товар-моддий бойликлар белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Ижро ҳаракатлари жараёни кенг жамоатчилик вакиллари, мутасадди ташкилотлар ҳамда холислар иштирокида ўтказилди.

***
Рамазон ойи муносабати билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан партия фаоллари томонидан Самарқанд шаҳридаги “Саховат уйи”да ифторлик дастурхони ёзилди. Шунингдек, муассасада яшовчи 135 нафар фуқарога байрам совғалари топширилди.

***
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан 23-24 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ таомлари” фестивали ўтказилади.
Вилоят туризм бошқармасидан маълум қилишларича, икки кун давомида маҳаллий ва хорижлик 100 дан ортиқ ошпазлар иштирокида мусобақалар, 50 турдаги ноёб таомлар тайёрлаш жараёнлари, ошпазлардан маҳорат дарслари, ҳунармандчилик ва шарқ ширинликлари кўргазмалари, маданий кўнгилочар дастурлар ташкил этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири