Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:01 / 2026-03-03

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев БМТнинг аҳоли пунктлари бўйича дастури шаҳарсозлик эксперти Катя Шефер бошчилигидаги делегация билан учрашувда ҳудуднинг барқарор ривожланиши, мастер-режа тайёрлаш ва урбанизация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўриб чиқди. Жумладан, қурилишда экологик ечимларни қўллаш, инфратузилмани ривожлантириш ва шаҳар бошқарувида халқаро тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.  

***

Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи яқинида, М-37 автомагистралида пиёдалар учун ер ости йўли қурилиши бошланди. Ер ости йўлининг узунлиги 42 метр, баландлиги 2,5 метр, эни 4 метрни ташкил этади.

“Ўзйўлкўприк” кластери Самарқанд филиали давлат муассасаси ишчилари томонидан қурилаётган объектда ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам қулайлик яратилади. Тоннель қурилиши замонавий технологиялар асосида тайёр темир-бетон конструкциялар ёрдамида амалга оширилмоқда.

***

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев Оқдарё туманидаги Чорбоғ маҳалласи ёшлари билан учрашди. Очиқ ва самимий руҳдаги мулоқот давомида ҳудудда яшовчи йигит-қизларнинг йигирмага яқин мурожаатлари тингланди.  

Жумладан, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тўсиқ бўлаётган масалалар қайд этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан туман ва вилоят масъулларига тавсиялар берилди.  

***

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг Нарпай хорижий тиллар факультети битирувчи талабалари учун “Карьера куни” тадбири ташкил этилди. Унда Самарқанд вилоятининг Нарпай ҳамда Навоий вилоятининг Хатирчи туманлари мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари масъуллари, умумтаълим мактаблари директорлари ҳамда Нарпай тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими мутахассислари бўш иш ўринлари билан иштирок этди.  

Битирувчилар мавжуд вакант лавозимлар билан танишиб, иш берувчилар билан мулоқот қилишди ҳамда ўзларининг келгусидаги касбий режа ва истиқболларини аниқлаштириб олди. “Ўзмиллийбанк”АЖ ходимлари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган битирувчиларга кредит имкониятлари, бизнесни йўлга қўйиш тартиблари ва молиявий режалаштириш масалалари бўйича тавсиялар берди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири