Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
14:48 / 2026-02-05

Самарқанд вилояти маъмурий суди раиси Т.Файзиев иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинишича, вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлар томонидан 2025 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига нисбатан мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб белгилаш ҳақидаги аризалари асосида 1323 та маъмурий иш кўриб тамомланган.

Бу ишлар бўйича 502 та ариза қаноатлантирилган, 480 таси рад қилинган, 122 та ариза кўрмасдан қолдирилган ва 219 та ариза бўйича иш юритиш тугатилган.

Кўриб чиқилган ишларнинг 430 таси маҳаллий давлат ҳокимияти, 356 таси кадастр агентлиги, 175 таси солиқ органлари ҳиссасига тўғри келади.

***

Халқ депутатлари Тойлоқ тумани кенгаши депутатларининг ўз сайлов округи ҳудудидаги инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан ҳар бир депутат учун 25 миллион сўмдан маблағ ажратишга қарор қилинди.

***

Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Хитой Халқ Республикасининг Шантоу университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва халқаро таълим лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Хитойлик меҳмонлар Самарқанд давлат тиббиёт университети илмий салоҳияти ва таълим жараёни, клиник базалари фаолияти билан яқиндан танишди.  

***

Самарқандда япониялик тадбиркорлар учун махсус саноат зонаси ташкил этилади. Шу мақсадда вилоятга келган кунчиқар юрт инвесторлари мавжуд саноат ва логистика инфратузилмаси, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ҳамда ҳудуднинг инвестицион салоҳияти билан танишди. 

Жумладан, Пастдарғом туманидаги “Улуғбек” божхона пости фаолияти ўрганилиб, бу ерда амалга ошириладиган экспорт-импорт операциялари жараёнлари кузатилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири