Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
18:00 / 2025-12-24

Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиалида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида соҳани рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилишига қарамай, айрим ўринларда манфаатлар тўқнашуви, электр энергияси истеъмолчилари билан муносабатларда маиший коррупция ҳолатларига ҳамда маблағлардан самарасиз фойдаланилишига йўл қўйилган. Ўрганиш натижалари бўйича бундай ҳолатларга барҳам бериш юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, филиал раҳбарларига топшириқ ва тақдимномалар берилган.

***

Вилоят туризм бошқармасида Малайзиядан ташриф буюрган туризм соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказилди.  

Учрашувда қўшма туристик лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестицион ҳамкорлик, зиёрат туризми бўйича тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Малайзиялик меҳмонлар Самарқанднинг туризм салоҳиятини юқори баҳолаб, кейинги йилларда Малайзиядан ушбу шаҳарга келувчи сайёҳлар кўпайганини таъкидлади.  

***

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари” доирасида ўтказилган тадбирда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан кутубхонага қимматли адабиётлар тўплами топширилди.

Тадбирда иштирок этган икки давлат ижодкорлари ушбу эзгу ташаббус ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик, маданий алоқалар ва адабий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

***

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 34 йиллиги муносабати билан “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги муносабати билан ташкил этилган “Ватанпарварлик карвони”нинг навбатдаги манзили Паяриқ тумани бўлди.

Тумандаги 80-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган тадбирда миллий армиямиздаги ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари давлат томонидан ижтимоий муҳофаза қилиниши ва қўллаб-қувватланаётгани ҳақида сўз юритилди.  

Мактаб ҳовлисида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири