Вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти Нуробод туманида қуввати 500 мегават бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва қуввати 334 мегаватли подстанция қурилиши инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи масъуллар билан божхона фаолияти йўналишидаги вазифаларни муҳокама қилди.
Лойиҳа доирасида “Acwa Power Sazagan Solar” МЧЖ томонидан тахминан 758 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан‑тўғри инвестиция жалб этилади. 25 йил давомида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан кафолатланган тарзда электр энергиясини сотиш ва тўловларни миллий валютада амалга ошириш, қурилиш мажбуриятлари учун 30 миллион АҚШ долларни ташкил этувчи биринчи даражали хорижий банк кафолатини тақдим этиш кўзда тутилган.

Учрашувда компания томонидан 2025 йил якунига қадар импорт қилинадиган ускуна ва маҳсулотларни омборлаш, божхона тартиб‑таомилларини тезкор амалга ошириш юзасидан тавсиялар берилди.
***
Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида “Тоза ҳаво” ойлиги доирасида туман ва шаҳарларда кўчма экологик постлар ташкил этилиб, автотранспорт воситаларидан чиқувчи ис гази ва тутун миқдори ўлчанмоқда.
Тадбирлар давомида табиатга меъёридан ортиқ заҳарли ташламалар ташлаб келаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилмоқда.

***
Ўзбекистон ва Жанубий Корея олий таълим муассасалари ректорлари форуми доирасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Баҳодир Холиқов Жанубий Кореянинг Ҳонам университети президенти Парк Санг Чеол билан учрашди.

Учрашувда олий ўқув юртлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан, талабалар алмашинуви, қисқа муддатли ўқув курслари ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Мулоқот якунида олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
***
Самарқанд вилоят қон қуйиш станциясида Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш ва очиқликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Тиббий хизматларни рақамлаштириш, хусусан DMED тизимининг жорий этилиши соҳада шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини камайтиришда муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Муассаса бош врачи Рофе Алиев ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Самарқанд вилояти тиббиёт тизимида қайд этилган коррупцион ҳолатлар, уларнинг юзага келиш омиллари, сабаб ва оқибатлари ҳақида гапириб, ходимларни огоҳликка даъват қилдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА