French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:58 / 2025-04-24

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров Пайариқ тумани Дўстларобод маҳалласида якка тартибдаги тадбиркор Ноила Ҳамраева томонидан ташкил этилган ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун кундузги қатнов – “Азизим” лойиҳаси билан танишди.

Шунингдек, туман маҳаллаларида фаолият кўрсатаётган ижтимоий ходимлар билан учрашиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш юзасидан уларнинг таклифларини тинглади.

***

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосарлари Хитой Халқ Республикаси “Xinjiang Transportation Investment (Group) Co.,Ltd” бош директори Ванг Ченг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ванг Ченг томонидан автомобиль йўллари, темир йўллар қуриш, логистика, қурилиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Самарқанд вилояти масъуллари ушбу таклифларни маъқулладилар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг техник жиҳатлари ва долзарблиги кўриб чиқилди. Жумладан, “Ширин” массивида аҳоли турар жойлари ва меҳмонхоналар қуриш, савдо мажмуалари ва эркин савдо марказлари ташкил етиш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

***

Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва АҚШнинг Техас университети проректори, профессор Хуан Энрике  ҳамкорлик шартномаси имзолади.

Учрашувда университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Техас университети талабалари учун Самарқанд давлат университетида қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва стажировкаларни ташкил этишга келишиб олинди.  

***

Самарқанд шаҳрида республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин семинарининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар шеърият, болалар адабиёти, бадиий публицистика ва таржима, наср йўналишлари бўйича шуъбаларга бўлинган ҳолда ёшларнинг ижод намуналарини кўриб чиқдилар. Ҳар бир номзод билан мулоқот ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди ва маҳорат дарслари ўтилди.

– Шеърият йўналишидаги иштирокчиларнинг ижодий ишини кўриб, уларга янада кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилдим, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бобур Бобомурод. – Яхши шеър ёзиш учун ижодкор билимли бўлиши лозим. Айрим иштирокчиларнинг шеърларида нафосат етишмайди. Ички кечинмаларини янада баландроқ руҳда айта олиш керак.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири