Вилоят ҳокимлигида республика Бош прокурори ўринбосари Д.Қосимов иштирокида инвестиция дастурларининг бажарилиши, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тижорат банкларидаги муаммоли кредитларнинг ундирилиши аҳволи юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда ҳудудларда олиб борилган ўрганишларда аниқланган камчиликлар, йўл қўйилган хатолар қайд этилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

***
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Калоновнинг “Самарқанд руҳи” ва “Устоз-шогирд” номли ижодий асарлари кўргазмаси очилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди ва ижодкорни табриклади.

***
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида Хитой компаниялари билан университет ва саноат корхоналари ҳамкорлиги маркази очилди.
Университет ректори Чидем Туркйилмаз Хитойнинг “Hebei Lakoo Automation Equipment” ва “XingTai LangTai Agricultural Technology” масъулияти чекланган жамиятлари вакиллари билан учрашувда марказнинг фаолияти, асосий мақсад ва режалар юзасидан фикрлашиб олди.

***
Республика оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида миллий маросим ва урф-одатларни асл ҳолича сақлаш ва тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган “Аёл – қадриятлар давомчиси” танловининг вилоят босқичида туман ва шаҳарлардан 16 жамоа иштирок этди.

Белгиланган шартларни юксак даражада бажарган Булунғур тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иштихон ва Самарқанд туманлари жамоалари кейинги совринли ўринларни қўлга киритди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири