French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:48 / 2025-03-17

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг шаҳарда ўтказган навбатдаги сайёр қабулида 652 та мурожаат тингланди.

Мурожаатларнинг асосий қисми тиббий хизмат, электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш, турли ижтимоий муаммолар юзасидан бўлди. Шунингдек, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмушини яхшилаш юзасидан таклиф ва лойиҳалар билан келганлар ҳам бўлди.

Вилоят ҳокими билан бирга ҳокимликлар масъуллари, бошқарма ва идоралар раҳбарлари мурожаатларни қабул қилиб, ҳар бир масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.  

Хусусан, уй-жой қурилиши масаласи юзасидан мурожаатларга жавобан вилоят ҳокими ноқонуний қурилишлар масаласини шахсан ўрганаётганлиги ва мазкур йўналишдаги муаммоларни комплекс ҳал қилиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

***

Наврўз байрами муносабати билан 20 март куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида гастрономик фестиваль ўтказилади.

Вилоят ҳокимлиги, туризм бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестивалда маҳоратли ошпазлар кабоб, палов ва халиса тайёрлаш бўйича беллашади, ёш ошпазлар учун маҳорат сабоқлари уюштирилади.

Тайёрланган маҳсулотлар ифторлик дастурхони учун аҳолига тарқатилиши кўзда тутилган.

***

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд давлат университети ботаника боғида профессор-ўқитувчилар ва талабалар томонидан 1000 га яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, “Зиёлилар боғи” яратилди.

Университетнинг  молия ва иқтисод бўйича проректори Исмоил Раҳмоновнинг қайд этишича, мазкур лойиҳа муассасанинг барча филиал ва факультетларида давом этади.

Ўтган йили Ботаника боғида  лойиҳа бўйича 8 минг туп кўчат экилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири